Нукусда Ёшлар ишлари агентлиги, “Ёшлар – келажагимиз” жамғармаси ҳамда “Mfaktor” жамоаси ҳамкорлигида ташкил этилган “Бизнес марафон” лойиҳаси доирасидаги навбатдаги тренинглар ўтказилди.

Ёшларни тадбиркорликка фаол жалб қилиш, хусусан, уларда ўзини ўзи ривожлантириш бўйича кучли қизиқиш уйғотиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси бўйлаб мотивацион тренингларнинг 1-2-3 ва 4-мавсуми  ўтказилиб, уларда 2 минг нафардан зиёд ёш иштирок этган эди. Республика ёшларининг сўровига кўра “Бизнес марафон” мотивацион тренингларнинг бешинчи мавсумига жорий йилнинг сентябрь ойида старт берилди.

Мазкур тренингларда “Mfaktor”лойиҳаси ва “Декос.уз” асосчиси Ҳасан  Мамасаидов, “Юксалиш” хусусий мактаблари асосчиси Муҳаммад Али Эшонқулов, “Ёшлар – келажагимиз” жамғармаси ижро этувчи директори Хайрулла Саттаров, “ZMB universal academy” асосчиси Нилуфар Хайдарова, “Thompson” нодавлат таълим муассасалари асосчиси Шаҳзод Баҳодиров, эслаб қолиш бўйича Россия рекордчиси, Супер мия лойиҳаси асосчиси Давронбек Турдиев каби юртимизда ва хорижда муваффақиятга эришган, кўп йиллик тажрибага эга тадбиркорлар ҳамда бизнес тренерлар иштирок этди.

Таъкидланганидек, давлатимиз етакчисининг бизнес вакиллари билан бу йилги очиқ мулоқоти айнан Қорақалпоқ юртида ташкил қилингани бежиз эмас. Чунки Қорақалпоғистонда бизнес учун бирорта ҳудудда йўқ 50 дан ортиқ имтиёз пакетининг, ер ажратишнинг содда тизими жорий этилгани, катта бозорларга чиқиш учун энг қулай ҳудуд бу, айнан, Қорақалпоғистон эканлиги эътироф этилди. “Қорақалпоғистонда бизнес қилинг” дастурини тайёрлаш вазифаси қўйилгани бу ҳудудда саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизматларни ривожлантириш учун муҳим аҳамият касб этиши янги ғоя ва  нафас олиб келади. Бу эса, барчани, шу жумладан, ёшларни янги марралар сари руҳлантиради.

“Бизнес марафон”нинг навбатдаги мотивацион тренингларида тадбиркорлик соҳасига қизиқувчи 600 нафар ёшнинг иштирок этганлиги ушбу соҳага қизиқувчилар сафи ортиб бораётганидан дарак беради.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.