Пойтахтимиздаги Алишер Навоий номидаги киночилар уйида 22 май куни Европа киноси фестивали очилди. Тадбир «Ўзбеккино» Миллий агентлиги, Европа Иттифоқи делегацияси, Европа Иттифоқига аъзо давлатлар ва Швейцария элчихоналари ҳамда бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилди.

Фестивалнинг очилиш маросимида “Ўзбеккино” Миллий агентлиги бош директори О.Мусаев, Европа Иттифоқининг мамлакатимиздаги делегацияси раҳбари, элчи Эдуардс Стипрайс, Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллигининг Фавқулодда ва мухтор элчиси Кристофер Аллан Ўзбекистон ва Европа давлатлари ўртасидаги анъанавий маданий ҳамкорлик фаол ривожланаётганини алоҳида таъкидлади. Тошкентда бешинчи бор ўтказилаётган Европа киноси фестивали бунинг ёрқин тасдиғидир. Ушбу тадбир Европа ва Марказий Осиё халқларининг маданий алоқаларини мастаҳкамлашга хизмат қилаётир.

Ўзбекистон билан Европа давлатлари халқларини умуминсоний қадриятлар асосида янада яқинлаштириш, мухлис ва мутахассисларни “Кўҳна қитъа” кинематографияси ривожи тенденциялари билан таништириш фестивалнинг асосий вазифаларидир.

– Фестиваль Ўзбекистондаги кино ихлосмандлари учун муҳим воқеликка айланиб бормоқда, – деди Европа Иттифоқининг мамлакатимиздаги делегацияси раҳбари, элчи Эдуардс Стипрайс. – Бу йил фестиваль географияси кенгайиб, фильмлар Нукус ва Навоий шаҳарларида ҳам намойиш этилади. Кино бошқа санъат турлари қатори чегара билмайди. Ушбу анъанавий анжуман Европа билан Ўзбекистонни яқинлаштиришга хизмат қилаётганидан хурсандмиз.

Жорий йилда пойтахтимиз аҳолиси ва меҳмонлари Европа Иттифоқининг 11 давлатида турли жанрларда суратга олинган 13 фильмни томоша қилиши мумкин. “Қирол сўзлайди” деб номланган биографик драма (Буюк Британия) маданий форумни бошлаб беради. Кейинчалик “Кулга беланганлар” (Латвия), «Охирги бриллиант» (Франция), «4 қирол», «Прокурор Бауэрнинг асосий иши» (Германия), «Боксёр ва ажал» (Словакия) фильмлари томошабинлар ҳукмига ҳавола этилади. Фестиваль дастуридан «Кўл ҳақида эртак» (Финляндия) ва «Отлиқ камончи» (Венгрия) ҳужжатли фильмлари, «Қўйлар поездга кечикмайди» (Испания) комедияси, «Ника» (Словения), «Хайди» (Швейцария) саргузашт фильмлари ўрин олган. Ёш томошабинлар учун эса «Митти одам» (Чехия) ва «Қанот қоқ» (Франция) мультифильмлари намойиш этилади.

Фестиваль 28 майгача давом этади.