“Меҳр-3” дастури доирасида Ўзбекистон Республикаси ҳукумати томонидан инсонпарварлик операцияси амалга оширилиб, диний экстремистик ғояларга ишониб тўғри йўлидан адашган юртдошларимиз орасида Сурия давлатидан мамлакатимизга қайтарилган сирдарёлик Юлдуз Усманова ота-онаси бағрига қайтарилди.

Адашганларга тўғри йўлни кўсатиш, уларга ёрдам қўлини чўзиш халқимизга, миллатимизга, динимизга хос фазилатдир.

Ота-боболаримиз, қоқилганни суя, йиқилганни туришига кўмаклаш, адашганни тўғри йўлга сол, шунда чин инсонга хос иш қилган, ҳажри савоб олиб, Аллоҳнинг мукофотига мушарраф бўласан, дея таъкидлаган…

1990 йилда Сирдарё вилоятида туғилган, Усманова Юлдуз Аскаровна 2011 йил тумуш ўртоғи ортида Россия Федерациясига ишлаш учун жўнаб кетади. У ерда халқаро террористик ташкилотларнинг ёт ғоялари таъсирига тушиб қолиб, 2012 йилнинг сентябрь ойида 3 нафар фарзанди билан аввал Эрон Ислом Республикасига, кейин Покистонга ва ниҳоят Сурия давлатига жўнатилади.

Суриянинг Шадодий аҳоли пунктида яшаб юрган пайтида унга турмуш ўртоғи қуролли тўқнашувда ўлганини айтишади.

“Ислом давлати” халқаро террористик ташкилоти жангариси, асли Ўзбекистонлик бошқа бир давлат хоини бўлган шахсга турмушга чиқади. 2015  ва 2016 йилларда яна 2 нафар фарзанди дунёга келади. 2020 йилнинг март ойида у шаръий никоҳида бўлган турмуш ўртоғи ҳам ҳарбий тўқнашувлар чоғида ҳалок бўлади.

Турли ёт ғояларга учиб, ҳаётнинг нотекис йўлларида адашиб, ўзга юртларда қийин аҳволга тушиб қолган 98 нафар юртдошимиз қаторида Юлдуз Усмонова ҳам вояга етмаган 5 нафар фарзанди билан 2020 йилнинг 8 декабрь куни Сурия давлатидан юртимизга олиб келинди.

Суриядан келтирилганларнинг барчаси, ҳамма қулайликларга эга Тошкент вилоятидаги “Бўстон” соғломлаштириш муассассасида белгиланган муддат давомида даволаниб, тиббий ва психологик ёрдамлар кўрсатилди ва соғлиқлари тикланди. Давлатимиз томонидан уларнинг ҳужжатлари расмийлаштирилиб, қайта тиклаб берилди ва ўз уйларига кузатиб қўйилди.

Ана шу адашганлар қатори Юлдуз Усмонова ҳам ўзининг 5 нафар вояга етмаган фарзанди билан жорий йилнинг 11 январида Гулистон шаҳридаги Маданият маҳалла фуқаролар йиғинидаги уйига олиб келинди.

Юлдузни ота-онаси, яқин қариндош-уруғлари ва маҳалладошлари самимий қалб, ёруғ чеҳра билан кутиб олдилар.

Юлдузнинг отаси Асқар ака, онаси Раъно опа Усмоновалар фарзанди ва набираларини бағрига соғ-саломат келганидан севинч ёшларини, соғинч ёшларини тия олмади. Суюнганларидан Аллоҳга беадад ҳамдусанолар, Президентимизга беҳисоб раҳматлар айтишди.

– Курраи заминимизнинг қаеридадир, мана шундай кечиримли Ўзбекистондек юрт ва унинг меҳри дарё Президенти инсон борлигига ишониш қийин, – дейди кўзларида ёш билан Юлдузнинг онаси Раъно опа Усмонова набираларини бағрига босиб. – Сурияга адашиб борганлар фақат ўзбекларми? Ўзбекистондан ва унинг Президентидан бошқа бирорта давлат фуқароларини олиб келаётганини телевизорда кўрмаяпмиз, матбуотда ўқимаяпмизку? 

Пандемия сабаб бутун жаҳон мамлакатлари иқтисодий қийинчиликка учраб турган бир пайтда, урушнинг ўчоғидан, улар мамлакатимизни ташлаб кетган демай, миллионлаб доллар харажат қилиб, фарзандларимизни бағримизга қайтаришди. Ана шу эзгу ишларга бош-қош бўлган Давлатимиз раҳбарига беҳисоб раҳматлар бўлсин. Халқимизни, юртимизни бахтига Президентимизнинг азиз бошлари ҳамиша омон бўлсин. Аллоҳ у кишини ва бутун Ўзбекистонимизни ҳамиша ўз паноҳида асрасин.

Маданият маҳалла фуқаролар йиғини раис ва фаоллари Юлдуз Усмоновани жамиятга тўлақонли киришиб кетиши учун оталиққа олишларини, муносиб иш билан таъминлаш, фарзандларини мактаб ва мактабгача таълим ташкилотларига жойлаштириб, етук билим олишлари учун кўмак беришларини айтдилар.

Маҳаллий ҳокимлик томонидан, Юлдуз Усмоновага барча зарур уй-рўзғор буюмлари, 11 турдаги кундалик озиқ-овқат маҳсулотлари, фарзадлари учун зарур ўқув қуроллари, дарсликлар, кийим-кечаклар ином этилди.

…Аллоҳ кечиримли зот, билиб-билмай хато қилган, ўз айбини тушиниб, сидқидил тавба қилганни ва бу каби хатоликни яна қайтариб такрорламаса, миллатига, динига, юртига хиёнат қилмаса уни албатта кечиради.

Биз бандалари ҳам бир адашган юртдошимиз, миллатдошимиз, диндошимизни тўғри йўлни топишида кўмак берсак, ҳажри савобни амалга оширган бўламиз.

Зеро Ҳдису шарфда айтилганидек, савоб ишни ҳар ким қилиши керак, савоб ишни ҳар кун қилиш керак.

А.ҚАЮМОВ, Ф.ТОШМАТОВ (сурат), ЎзА.