Тоталитар даврнинг демократ раҳбари

Ирисмат Абдухолиқов
«Шароф Рашидов. Ҳақиқат ва ривоят»
“Пахта ва қор эпопеяси”,
“Режада бўлмаган объектлар ёхуд халқ мероси”,
“Брежнев можароси”,
“Ўртоқ Андропов келганларидан кейин”,
“Шароф Рашидовнинг рақиби”,
“Ширин ёлғон ва аччиқ ҳақиқат”

ЎзА сайтини кузатиб боринг!

Тоталитар давлатда ҳам демократик раҳбар бўлиши мумкинми? Жиддий илмий тадқиқот учун мавзу бўладиган бу саволга жавоб топишни истасангиз Ирисмат Абдухолиқовнинг ЎзА сайтида берилаётган “Шароф Рашидов. Ҳақиқат ва ривоят” асарининг бугунги лавҳасида ўқинг.
 
Фикр ва мулоҳазаларингизни uzauz@yandex.ru элекирон почтамизга юборишингиз ёки (0371) 233-06-14 телефон рақамига қўнғироқ қилиб билдиришингиз мумкин.
Тоталитар даврнинг демократ раҳбари
Давлатни бошқаришда Ўзбекистон Республикасининг раҳбари Шароф Рашидовнинг ўз йўли, ўз услуби бор эди. Бу услуб шу пайтда кўкларга кўтариб мақталадиган доҳийлар: Лениндан ҳам, Сталиндан ҳам, Хрушчевдан ҳам, Андропов иш услубидан ҳам фарқ қиларди. Шундай деяпману яна Шароф Рашидов нима, азали-аввалдан комил инсон, ибратли раҳбар бўлиб дунёга келганми, деб ўзимга ўзим савол бераман. Йўқ, илгари у туман, кейин вилоят газеталарининг оддий мухбири, журналист бўлиб ишлаган. Кейин публицист, ёзувчи сифатида танилган. Ўзбекистоннинг биринчи раҳбари, тор доирадаги қудратли Совет Иттифоқи олий раҳбариятининг аъзоси ва тарихда қолган йирик давлат ва жамоат арбоби бўлишдан аввал Самарқанддаги «Зарафшон» вилоят газетасида оддий ходим, сўнгра бўлим бошлиғи, бош муҳаррир, кейин Ўзбекистон Компартияси Марказий қўмитасининг органи бўлган «Қизил Ўзбекистон» газетасининг бош муҳаррири, сўнгра Ўзбекистон ССР Олий Совети Президиумининг раиси бўлган. Лекин шу ерда бир нарсани алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз-ки, Шароф акада инсон сифатида Муҳаммад Пайғамбаримизнинг юмшоқлиги, поклиги, одамохунлиги билан Соҳибқирон Амир Темурнинг эл-улусни бошқаришдаги тажрибаси, донишмандлиги, қатъияти бор эди. Бу ҳислату ҳусусиятлар у кишига қаердан келган?
Гап шундаки, «Темур тузуклари»даги салтанат ишларининг тўққиз қисмини машварат, тадбир ва кенгаш билан бажо келтириш зарур деган ва бугунги кунда давлат ишларини юритишда кенг қўлланилаётган раҳбарлик усулини биз ўша пайтда Шароф Рашидовнинг фаолиятида кўрар эдик. Тўғри, буни биз бугун Амир Темур қадри тикланиб, ўз халқига қайтарилиб, фаолияти чуқур ўрганилаётган ва ҳаётга татбиқ этилаётган пайтда таъкидламоқдамиз. У пайтда мустақил давлатчилик ҳақида гапириб кўринг эди, айтганча, гапирганлар ҳам бўлган. Уларнинг тақдири нима билан тугаганлигидан ҳам хабаримиз бор. Давлатни бошқаришнинг бу усулини Шароф ака Амир Темурдан олганми ёки совет даврида бу Шарқ донишмандлигидан у киши бехабар эдими?
Бундай дейишимнинг сабаби, ўша пайтда ҳали Амир Темур босқинчи, қонхўр, одамларнинг, душманларининг каллаларидан миноралар ясатган шахс деб қораланар, бизда эса Соҳибқиронга нисбатан ўта салбий муносабатни шакллантиришга ҳаракат қилинар эди. Расмий совет сиёсати иттифоқдош республикаларнинг миллий уйғонишига қандай қаршилик кўрсатган бўлса, тарихда Амир Темур шахсининг тикланишига ҳам худди шундай, балким ундан ҳам қаттиқроқ қарши эди.
Шароф Рашидов атоқли олим Иброҳим Мўминовни қандай қилиб Москва ғазабидан қутқариб қолган? 
ЎзА сайтида берилаётган Ирисмат Абдухолиқовнинг “Шароф Рашидов. Ҳақиқат ва ривоят” асарида шу ҳақда гап боради.
Фикр ва мулоҳазаларингизни uzauz@yandex.ru элекирон почтамизга юборишингиз 
ёки (0371) 233-06-14 телефон рақамига қўнғироқ қилиб билдиришингиз мумкин.
Шу сўзларни ёзяпман-у, яна ўзимга ўзим: «Йўқ! Шароф ака Амир Темурнинг бу сўзларини билар эди, нафақат билар, балки ўз фаолиятида уларга риоя ҳам қилар эди», – деб жавоб бераман. Гап шундаки, ўша даврда Амир Темур фаолияти тўғрисида Шароф аканинг яқин одами, йирик олим, академик, Ўзбекистон Фанлар академиясининг президенти Иброҳим Мўминов биринчилар қаторида китоб чиқарган, бу йирик ўзбек ватанпарвар алломасига нисбатан Москвадан тазйиқлар бошланганида эса ишга Шароф ака аралашиб у кишини омон сақлаб қолгани маълум. Кейин «Темур тузуклари» 1967 йили айни Шароф Рашидов раҳбарлик қилаётган даврда «Гулистон» журналида чоп этилган. Журналнинг бу иши натижасиз қолгани йўқ. Тожикистонда чиқадиган «Садои Шарқ» журналида икки олимнинг (шундайлар ҳам бўлган) «Темур тузуклари»га кескин салбий муносабат билдирилган ғаразли мақоласи босилиб чиқади. Бу масалага «Темур тузуклари»ни таржима қилган ажойиб инсон, машҳур диншунос олим, йирик саркарда Алихонтўра Соғуний (у киши ҳаёт эди) аралашади. Жанжал Тожикистоннинг шу пайтдаги раҳбари Расуловга бориб етади. Билмадик, шу пайтда Расулов билан Шароф Рашидов ўртасида қандай гап бўлиб ўтган, лекин тез кунда Тожикистон Компартияси Марказий Қўмитасининг биринчи котиби Расулов Марказий Қўмита номидан «Садои Шарқ» журнали ва ҳар икки танқидчининг беадаб мақоласи учун Шароф Рашидовдан узр сўрайди. Шу сабабли ҳам комил ишонч билан айтамизки, бу гапларнинг тепасида турган, бу нозик муаммонинг ижобий ҳал қилинишига катта ҳисса қўшган Шароф Рашидов Соҳибқироннинг миллатига доно маслаҳатлари ва насиҳатларидан хабардор бўлгани аниқ. Балким ана шу сабабли ҳам Шароф ака чорак аср республикага раҳбарлик қилди ва ўзидан яхши ном қолдириб кетди.
Давлатни маъмурий-буйруқбозлик йўли билан бошқариш ҳукм сураётган тоталитар тузум даврида давлатни Шароф ака каби устозлар ўгитига қулоқ тутиб, халққа таяниб, йирик мутахассислар, тажрибали ватанпарвар миллат вакилларини ишга жалб қилиб, ҳозирги тил билан айтганда, фидойилик, инсонпарварлик (Ғарбда буни гуманистик, демократик усул деб айтишади) йўли билан бошқарса ҳам бўлар экан-ку деган фикр ўтар эди хаёлимиздан.
Менинг бу гапларимни ўтмишни қўмсаш деб тушунманглар-у, лекин ўзбек халқи ўша даврни миллатимизнинг «ёруғ кунларидан бири эди» деб алоҳида тилга олади. Москвага тўла итоаткорлик асосига қурилган собиқ совет мустамлакачилиги тизимида Шароф ака ўз мамлакатининг, халқининг манфаатларини бир дақиқа бўлса ҳам ёдидан чиқаргани йўқ. «Юқоридагилар тўқ бўлса, қуйидагилар соғ-омон бўлади» деган шиорга амал қилиб дипломатларга хос юмшоқлик билан иш кўрди.
«Шароф Рашидов Москва ва Иттифоқ тергов органлари олдида бизга гўё бир тоғ каби қалқон эди. Биз у кишининг қаноти остида ўзимизни тепадан бўладиган турли тазйиқлардан ҳимояланган сезар эдик, ўша мураккаб даврда бизга бевосита ишимиз билан шуғулланишга имконият яратиб берар эдилар у киши», – деб эслашарди Андропов, Гдлян, Ивановлар республиканинг, бир қатор вилоятларнинг биринчи раҳбарларини, юзлаб хўжалик, бригада раҳбарлари, пахта пунктларининг мудирларини қамоққа ташлаб Ўзбекистонни остин-устин қилаётган йиллари вилоят, туман, хўжаликлар раҳбарлари.
Шароф ака педагог, демак, инсон руҳиятини яхши тушунадиган раҳбар эмасми, кадрларни танлашда камдан-кам янглишар эди. Мўмин қобил халқини, ўзи узоқ йиллар ўрганиб, синчиклаб танлаган ва лавозимларга тайинлаган кадрларини қаттиқ туриб ҳимоя ҳам қилар эди. Бегоналарнинг, улар ҳатто Москвадан бўлса ҳам, қўрғонига бесўроқ киришига йўл қўймасди. У бу ишларни юмшоқ, дипломатик йўл билан, лекин принципиал позицияда туриб амалга оширарди. У ҳақиқий миллат отаси эди. Шу сабабдан бўлса керак, атрофига ҳеч ким яқинлаша олмайдиган собиқ Иттифоқ КГБси, унинг темиртан раҳбари Юрий Андропов билан муносабатлари ёмонлашди. Гуруч курмаксиз бўлмаганидек, ҳар бир оилада ўзининг шўхроқ, енгилтабиатроқ аъзоси бўлади. Минг-минг катта ва ўрта раҳбарлар орасидан бир-иккита шундайлари ҳам учраб қолар эди. Ана шундай фавқулодда бир муаммоли масала пайдо бўлган ҳолларда Шароф ака Иттифоқ МВДси, КГБси, прокуратураси, ОБХССисиз тўғридан-тўғри КПСС Марказий Қўмитасининг Бош котиби Леонид Ильич Брежневга мурожаат этар, масалани кўндаланг қўяр ва икки томон келишган ҳолда одилона ҳал қилишарди. Бу, албатта, катта лавозимдаги ўзини ҳатто Брежневдан ҳам кам кўрмайдиган кимсаларга маъқул бўлмасди. Ўзига, чиқарган ҳукмининг ҳақлигига ишонган Шароф Рашидов эса мамлакати, халқининг тинчлиги, осойишталиги йўлида қаттиқ турар эди. Шароф ака ана шундай одам эди. Таъкидлаш жоизки, дили пок, аҳдига содиқ, бундай покиза инсонлар беҳад жасоратли бошига ҳатто қилич келганда ҳам «мен тўғри қилганман» деб туришади, сира иккиланишмайди.
Шароф ака Ўзбекистонда узоқ йиллар тинчлик, осойишталикни, халқ хўжалигининг илдам суръатлар билан ривожланишини таъминлади. Республика йилдан-йилга олдига қўйган вазифаларни ошириб бажарар, Ўзбекистон кетма-кет ғолиблик тахтасига чиқар, юзлаб одамлар орден, медаль, унвонлар билан тақдирланарди. Қишлоқ хўжалиги ходимлари йил якунлари бўйича қўшимча мукофот ҳақларини ҳам олишар эди.
Шароф ака ҳар бир мўмин-мусулмон каби Худога ишонар, Аллоҳдан қўрқарди. Айни пайтда, у инсонга, қўл остида ишлаётган ходимларига ҳам энг яқин кишисига, ёки ўзига ишонгандек, ишонарди. Билмадик бу камчиликми ёки ютуқми, лекин ўйлаб қаралса, ишонч камдан-кам ҳолларда ишлатиладиган ноёб фазилат экан. Ҳурмат қилган одамингнинг сенга бўлган ишончи сенда фавқулодда бир масъулият ҳиссини уйғотади. Шароф ака ишончдан ўз ўрнида жуда унумли фойдаланди. Агар шу пайтларда бирон топшириқни Шароф Рашидов айтдилар, бу ўша кишининг илтимослари десалар борми, унда Ўзбекистонда тоғни талқон қилмайдиган азамат топилмасдан қолмасди.
«Бўрондан кучли» романида бўлса керак, Шароф ака шундай ёзади: «Инсоннинг кўнгли тошдан ҳам қаттиқ, гулдан ҳам нозик». Шароф аканинг бу сўзлари халқ орасида мақол, матал бўлиб кетган. Ахир давлатнинг биринчи раҳбари катта жиноят қилганларни ҳатто қатл қилдириш ҳақидаги ҳужжатга ҳам қўл қўяди, бошқа бир ҳолатда афв ҳам этади. Унинг иши шундай. Бу ваколатни унга халқ беради.
Шароф Рашидовнинг бир марта жаҳли чиққанига гувоҳ бўлганман. Чирчиқда собиқ Иттифоқдаги йирик, замонавий ва технологик жиҳатдан ниҳоятда мураккаб Капролактам корхонасининг қурилиши кечикиб, Ғарбий Германиядан хорижий валютага келтирилган қимматбаҳо ускуналарнинг ўрнатилиш муддати чўзилаётганди. Шу сабабли Ўзбекистон Германияга катта миқдорда жарима тўлашга мажбур эди. Шунда немис-фашист босқинчиларига қарши Иккинчи жаҳон урушида қатнашган, ярадор бўлган Шароф ака мажлиснинг айни қизиган пайтида ўтирган ўрнидан туриб кетди-да, икки кафти орасига олган қаламларни бир-бирига ишқалаб шақирлатиб (ҳаяжонга тушганда шундай қилиш одати бор эди), эшитилар-эшитилмас оҳангда: «Наҳотки, бизга мағлуб бўлган давлатга энди ўзимизнинг айбимиз билан жарима ҳам тўласак!» – деб Марказқўм бюроси ўтказилаётган залда у ёқдан бу ёққа юрди. Бутун республика раҳбарлари йиғилган катта залда пашша учса эшитиладиган даражада тинч эди. Паст овозда куюниб айтилган бу сўзлар залдаги раҳбарларнинг жон жойига бориб тегди деса бўлади. Ҳеч қандай бақириқ-чақириқ, ишдан четлатиш, ҳатто ҳайфсан бериш ҳам бўлгани йўқ. Лекин эртасидан бошлаб объектдаги таъминот, қурилиш-монтаж ишлари шунақанги жадаллашиб кетдики, асти қўяверасиз. Объект ўз муддатида фойдаланишга топширилди. Биз корхонанинг ишга туширилгани ҳақида «Время»га репортаж қилиб бердик. Айтгандек, қурилишда жонбозлик кўрсатганлар мукофотдан ҳам қуруқ қолишгани йўқ.
Шарқ халқлари камтар, хокисор, художўй бўлишади. Улар арзимаган нарсалар деб шовқин-сурон қилиб, жанжал кўтаришга одатланишмаган. Доимо қўли меҳнатда, шукр қилиб, умид билан, ёруғ кунлар албатта келади, илгари амалга ошмаган орзу-ниятларимиз мана энди рўёбга чиқади деб сабр-тоқат қилишга ўрганган.
Тан олиш керак, Шароф Рашидов даҳрийлик (атеистик) даврида яшади, ислом дунёсига машҳур Имом ал-Бухорий, Имом ат-Термизий, Баҳовуддин Нақшбанд ва бошқа улуғ алломаларни берган мамлакатга раҳбарлик қилди, халқи каби ўзи ҳам тинмай ишлади, давлатни бошқарди, республикадаги қўриқ ва бўз ерларни очишда, уларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашда, пахтадан мўл ҳосил етиштиришда халққа раҳнамолик қилди, кадрларни тарбиялади, танлади ва жой-жойига қўйди, бадиий асарлар, публицистик мақолалар, қисса, поэма, романлар ёзди. Халқда фақат яхши сўз билан номи чиққан ўз фарзандлари – Рашидовлар авлодини тарбиялади. Тўғри, шу пайтларда ҳам қулоғимизга турли узуқ-юлуқ гаплар чалиниб турарди. Нима дейсан, Шароф Рашидов араб мамлакатлари, Саудия, Покистон, Индонезия давлатларининг президенту қироллари билан Ҳасти имом (Ҳазрати имом) масжидида муфти Зиёвутдин қори Бобохон имомлигида намоз ўқиган эмиш. Очиғини айтсак, бундай хабарларга шу пайтда биз қандай муносабатда бўлишни билмас эдик, лекин Шароф аканинг айни шундай қилганлигига негадир ишонардик ва қалбимизда у кишига нисбатан ҳурмат ва эҳтиром ҳислари пайдо бўларди.
Даҳрийлик даврида биринчи раҳбар вазифасида ишлаган бўлса ҳам, ислом динига нисбатан у киши бирон марта қарши гапирганини, ҳурматсизлик қилганини, дин пешволарига нисбатан қўпол муносабатда бўлганини эслай олмаймиз. Халқимиз Ҳасти имом (Ҳазрати имом), Кўкча масжидларига, Чорсудаги Хожа Аҳрор Валий ва бошқа масжидларга бориб бемалол жума ва ҳайит намозларини ўқишарди. Маркази Тошкентда бўлган Ўрта Осиё ва Қозоғистон диний идораси фаолият кўрсатарди, собиқ Совет Иттифоқининг қарийб барча диний уламолари таҳсил олган Бухородаги Мир Араб мадрасаси (ҳозирги институт) фаолият кўрсатарди.
Ёдимда, Шароф ака қазо қилганида «Халқлар дўстлиги» саройи фойесида марҳум тепасида оппоқ тўн кийган, саллали дин пешволари қўлларини самога очиб дуолар ўқишар, Қуръон тиловат қилишарди. Ўзи тепасида туриб қурдирган шу саройдан шаҳар марказидаги Қизил майдон (ҳозирги Мустақиллик майдони) ёнидаги хиёбонга олиб келингач, майит солинган большовойлар сандиғини чиқариб ташлаб, гўрков қабр ичида Қуръон тиловат қилиб ерга қўйди. Бу иш видеокамера, халқ кўзидан яширинча қилинган ва ғала-ғовур ичида кўпчиликнинг хабари бўлмаганди, лекин кейин бу муқаддас урф-одатимизнинг жойида ва ўз вақтида адо этилганидан воқиф бўлган ўзбек халқида Шароф ака жасади узра Қуръон тиловат қилган муҳтарам гўрковларга нисбатан, буни илтимос ҳам қилишган, рухсат ҳам беришган Шароф Рашидовнинг яқинларига нисбатан динимизга, урф-одатларимизга содиқлиги учун ҳар бир инсон қалбини ларзага солувчи нозик ва чуқур миннатдорчилик ҳислари уйғонганлиги алоҳида таъкидлаб ўтилган эди.
Шароф Рашидовнинг юзидан нур, қалбидан меҳр, бутун вужудидан оталарча ғамхўрлик ҳисси ёғилиб турар эди. Шароф акада раҳбарлик қобилияти билан бир қаторда одамийлик, донишмандлик, юксак ташкилотчилик билан бирга ватанпарварлик, халқпарварлик хислатлари мужассам эди. Одатда, оқкўнгил, донишманд, юмшоқ феълли, келажакни кўра биладиган, зеҳни ўткир, фикр доираси кенг, зарур пайтларда дадил ва жасоратли кишиларни пайғамбарларга ўхшатишади. Шароф акани ҳаёт пайтларидаёқ худди шундай пайғамбарсифат инсон дейишар эди. Бундай баҳога сазовор бўлиш, айниқса, собиқ совет даврида йирик раҳбарларга эришиб бўлмайдиган бир юксак мақом, олий мақсад, орзу эди деса бўлади.
Давоми бор. Сайтимизни кузатиб боринг!
***
“Шароф Рашидов Москва ва Иттифоқ тергов органлари олдида бизга гўё тоғ каби қалқон эди”. Андропов, Гдлян, Ивановлар Ўзбекистоннинг бир қатор вилоятларининг биринчи раҳбарларини, юзлаб хўжалик, бригада бошлиқларини, пахта пунктлари мудирларини қамоққа ташлаб республикани остин-устин қилаётган йиллари вилоят, туман, хўжаликлар раҳбарлари, шундай деб айтишган эди. Бу ҳақда билишни истасангиз Ирисмат Абдухолиқовнинг ЎзА сайтида берилаётган “Шароф Рашидов. Ҳақиқат ва ривоят” асарининг эртага чиқадиган лавҳасида ўқинг.
Фикр ва мулоҳазаларингизни uzauz@yandex.ru элекирон почтамизга юборишингиз ёки (0371) 233-06-14 телефон рақамига қўнғироқ қилиб билдиришингиз мумкин.

 

ЎзА