Ҳайвонларнинг ҳар бир тури – табиатнинг тарихан такрорланмас, генетик жиҳатдан ягона, ҳар қандай биологик ҳамжамоада фақат ўзига хос ўрнига эга бўлган инъомдир. Бироқ, буни кўпчилик тушуниб етмаяпти, чамаси. 

2017 йилнинг 27 октябрь куни Угом-Чотқол Миллий табиат боғи давлат нозирлари ҳамкорлигида Бионазорат инспекцияси инспекторлари томонидан олиб борилган тезкор рейд даврида Бўстонлиқ тумани Испай қишлоғида истиқомат қилувчи 1989 йилда туғилган Элёр Қудротиллоев томонидан Угом-Чотқол Миллий табиат боғига қарашли “Камтар кумуш” сойи ҳудудида 1 бош ёввойи тўнғизни ўзига тегишли бўлган ов қуролидан отиб, олиб келаётган пайтда қўлга тушди.

30 октябрь куни Бўстонлиқ тумани ИИБ га қарашли махсус чегара постида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳузуридаги Бионазорат инспекцияси инспекторлари ҳамда ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор рейд натижасида Қибрай тумани Янигиобод МФЙ, Райҳон кўчаси 23-уйда истиқомат қилувчи 1955 йилда туғилган Нурмухаммад Шамхалов томонидан Угом-Чотқол Миллий табиат боғига қарашли Ахсарсой ҳудудида 2 бош ёввойи тўнғизни ўзига тегишли бўлган ов қуролидан отилгани аниқланди.

Ҳуқуқбузар Нурмухаммад Шамхалов ҳамда Элёр Қудротиллоевлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги қонуннинг 32-33-моддаларида белгиланган талаблар қўпол равишда бузилганлиги ҳамда ҳайвонот дунёсига етказилган зарар учун уларга 17 973 000 сўм миқдорида жарима солинди.

Иккисига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик кодексининг 245-моддасига асосан, қонунда белгиланган тартибда чора кўриш юзасидан тўпланган ҳужжатлар Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани маъмурий судига юборилди.

 

ЎзА