Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 7 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишлаб ўтказилган тантанали маросимдаги маърузасида Тезкор давлат хизматлари агентлиги тузилиши ҳақида маълум қилганди. 

Орадан бир ҳафта ўтмай, аниқроғи, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан куни кеча имзоланган «Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан янги тузилма – Давлат хизматлари агентлиги ҳудудий бўлинмалари билан ташкил этилди.

Агентликнинг асосий вазифалари этиб:

жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш;

ортиқча маъмурий тартиб-таомилларни бартараф этиш, шунингдек, идоралараро электрон ҳамкорликни ривожлантириш ҳисобига давлат хизматлари кўрсатиш тартибини такомиллаштириш;

Давлат хизматлари ягона реестрини шакллантириш, мазкур соҳада давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш;

давлат хизматлари кўрсатишда фойдаланиладиган ахборот тизимлари, ресурслари ва маълумотлар базаларини лойиҳалаштириш, тайёрлаш, жорий этиш ва интеграция қилишга ягона ёндашувларни ишлаб чиқишда иштирок этиш;

давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида, шу жумладан тегишли ахборот тизимлари, ресурслари ва маълумотлар базаларини жорий этиш бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятини назорат қилиш ва самарадорлигини баҳолаш;

давлат хизматлари кўрсатишнинг инновацион шакллари ва услубларини жорий этишни ташкил қилиш, мазкур соҳада қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш белгиланди.

Агентлик Адлия вазирлигининг Давлат хизматлари кўрсатишни мувофиқлаштириш ва ривожлантириш бошқармаси ҳамда унинг ҳудудий бўлимлари, шунингдек, тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказлари негизида ташкил этилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизматининг 24 та, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг туман (шаҳар)лардаги Халқ қабулхоналарининг 157 та штат бирлиги Агентликка ўтказилади.

 

ЎзА