“New Uzbekistan – new elections” семинар​ида инглиз тили ўқитувчилари​ қатнашди

Ўзбекистонда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловларга тобора қисқа фурсат қолмоқда. Шу боис айни кунларда сайлов комиссияларида иш қизғин. 
Бу халқаро матбуот маркази Қашқадарё вилоят бўлимида вилоят ва Парламент қуйи палатасига сайлов ўтказувчи 125-Қарши округ сайлов комиссиялари ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган “New Uzbekistan – new elections” шиори остидаги семинар-тренингда ҳам яққол намоён бўлди.
Унда сайлов участкаларига кўнгилли равишда бириктирилган инглиз тили ўқитувчилари, сайловларда иштирок этиши кутилаётган хорижий экспертлар ва кузатувчиларга гид-таржимонлик қиладиган волонтёрлар иштирок этди.
Тадбирда сайлов комиссиялари вакиллари сайлов қонунчилигидаги ўзгаришлар ва муҳим сиёсий жараёнга кўрилган тайёргарлик ишлари ҳақида батафсил маълумот берди. Муддатидан олдин овоз бериш бошланганлиги эълон қилиниб, бунинг учун барча сайлов участкаларида зарур шарт-шароитлар яратилгани таъкидланди.
– Сайлов участкалари Сайлов кодексида кўзда тутилган талаблар асосида жиҳозланиб, тахт ҳолатга келтирилди, – деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига сайлов ўтказувчи 125-Қарши округ сайлов комиссияси раиси Ботир Шукуров. – Участка сайлов комиссияси аъзоларининг билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида бир қанча ўқув семинарлари, бошқа турдаги тадбирлар ташкил этдик. Ҳаммаси янги сайловларни янгича ўтказиш учун шай. Бугунги семинар-тренингда сайловларда иштирок этиши кутилаётган хорижий экспертлар ва кузатувчиларга таржимонлик қиладиган волонтёрларга амалга оширилган ишлар ҳақида атрофлича тушунтириш бердик. Чунки келадиган меҳмонларга қилинган ишларни борича кўрсатиш, сайлов қонунчилигидаги ўзгаришларнинг ҳаётий аҳамиятини тўлақонли очиб бериш айнан таржимонга боғлиқ.
Шундан сўнг семинар-тренинг инглиз тилида давом этди. Сайлов комиссиялари, халқаро матбуот маркази вилоят бўлими, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси вакиллари сайлов ҳамда хорижий кузатувчиларни ва сайёҳларни қизиқтирадиган манзиллар ҳақида маърузалар қилди. Инглиз тилида йўлланган блиц-саволлар иштирокчиларнинг билим, кўникма ва малакаси ошишига хизмат қилди.

 

Ў.БАРОТОВ, ЎзА