Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Чегара қўшинлари қўмондонлари кенгаши мажлиси

Тошкент шаҳрида 28 март куни Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар Чегара қўшинлари қўмондонлари кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Унда ҳамдўстликка аъзо давлатлар чегара қўшинлари делегацияси, ҳамкор тузилмалар, халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби В.Маҳмудов, МДҲ Ижроия қўмитаси раиси – Ижрочи котиби С.Лебедев иштирокчиларни қутлар экан, Чегара қўшинлари қўмондонлари кенгашининг ташкилотга аъзо давлатлар чегаралари дахлсизлигини таъминлаш йўлидаги фаолиятини юксак баҳолади.
7.jpg
Мажлисда кун тартибидан ўрин олган 9 та масала кўриб чиқилди. Ушбу масалалар бўйича МДҲга аъзо давлатларнинг чегара идоралари раҳбарлари томонидан Кенгашнинг 20 дан ортиқ қарори қабул қилинди.
Тадбирда Марказий Осиё минтақасидан МДҲга аъзо давлатларнинг ташқи чегараларидаги вазият ва яқин келажакда ривожланиш тенденциялари атрофлича таҳлил қилинди. Масаланинг долзарб жиҳатларига эътибор қаратилди.
МДҲга аъзо давлатларнинг 2021-2025 йилларда ташқи чегараларда хавфсизликни мустаҳкамлаш дастури лойиҳалари ҳамда МДҲ давлатлари раҳбарлари кенгашининг бу борадаги қарори, шунингдек, ташқи чегаралардаги мураккаб вазиятларни тартибга солишга йўналтириладиган МДҲга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг МДҲ иштирокчи мамлакатлари чегара ва бошқа идоралар гуруҳи таркибига киритиладиган тузилмалари рўйхати тўғрисидаги қарори маъқулланди.
Тадбирда 2019 йилда МДҲ иштирокчи давлатларининг ташқи чегаралари орқали Шимоли-Ғарбий, Ғарбий ва Марказий Осиё йўналишларида ноқонуний фаолиятга чек қўйиш бўйича ҳамкорликдаги махсус амалиётларга тайёргарлик жараёнлари, 2020 йилда уларни ўтказишга доир ташкилий масалалар кўриб чиқилди.
Мажлисда Чегара қўшинлари қўмондонлари кенгашининг МДҲга аъзо давлатлар ташқи чегараларини ҳимоя қилиш шакллари ва усулларини такомиллаштиришга қаратилган фаолиятини режалаштириш ва ҳамкорликда илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш бўйича ҳужжатлар тўплами қабул қилинди.
Шунингдек, 2020 йилда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллигига бағишлаб МДҲга аъзо давлатлар ташқи чегаралари бўйлаб эстафеталар ўтказишга келишиб олинди. Тизимда малакали мутахассисларни тайёрлаш ва фахрий чегарачилар ҳаракати фаолиятини ривожлантириш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди.
Иштирокчилар МДҲга аъзо давлатлар Чегара қўшинлари қўмондонлари кенгашининг Тошкентдаги мажлиси юқори даражада ташкил этилганини қайд этди. Кенгашнинг навбатдаги мажлисини 2019 йилнинг иккинчи ярмида Беларусь Республикасида ўтказиш режалаштирилди.

 

Абдулазиз Мусаев, Оқил Ғуломов (сурат) ЎзА