Банк мижозга хизмат қилмоқда

Президентимиз Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар билан танишиш мақсадида 2018 йил 15-16 ноябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюрган эди.
Ҳудуд иқтисодиётини ривожлантириш, ижтимоий шароитларни яхшилаш бўйича тизимли чора-тадбирлар белгиланиб, бир қатор истиқболли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича вазифалар белгиланди.
“Ипотека банк” акциядорлик тижорат ипотека банки Қорақалпоғистон Республикаси филиалига ҳам топшириқлар берилди.
Республикамиз ҳудудида истиқомат қилаётган аҳоли ва тижорат банкларида фаолият юритаётган корхоналар бўш пул маблағларини банк муддатли депозитларига жалб қилиш орқали корхона ва ташкилотларга шунингдек, тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида кредитлар ажратишга банк ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Аҳолининг нақд пулга бўлган эҳтиёжини таъминлаш мақсадида банк филиалимизда банкомат ўрнатилди. Нақд пул билан узлуксиз таъминлаш йўлга қўйилди.
Ўзбекистон Республикаси Адлия Вазирлигининг 2018 йил 22 февралдаги қарорига асосан кам таъминланган оилаларга, тадбиркорлик билан шуғулланиши учун қулай имкониятлар яратиш мақсадида банкка 10 та маҳалла бириктирилган. 207 та фуқарога 3 миллиард 287,5 миллион сўм кредит ажратиш белгиланди. Ўтган даврда 112 фуқарога жами 1 миллиард 866 миллион, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагидаги 132 мижозга 3 миллиард 198 миллион сўм кредитлар ажратилди.
Шаҳарларда арзон кўп квартирали уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш ишларига ҳам филиалимиз муайян ҳисса қўшмоқда. Жумладан, 2018 йил Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳри Х.Абдамбетов кўчасида 305 хонадон эгалари ўз уйларига эга бўлди. 305 фуқарога 22.615,61 миллион сўм узоқ муддатли кредит ажратилди.
Қорақалпоғистон Республикасида келгуси 3 йилда жами 1 минг 350 та хонадондан иборат 30 та уй-жой қурилиши белгиланган. Ипотека банк томонидан 2018 йил учун режалаштирилган жами 450 хонадонли, 10 та кўп қаватли уй-жойлар қурилиши молиялаштирилди.
Хўжайли, Қонликўл ва Элликқалъа туманларида жами 218 та янгиланган арзон намунавий уй-жой қурилиши учун бошланғич бадал маблағлари тўлиқ шакллантирилди ва инжиниринг компаниясининг махсус ҳисоб рақамига бўнак тариқасида ўтказиб берилди.
Президент ва ҳукумат қарорлари асосида “Ипотека-банк” АТИБ томонидан чет эл кредит маблағларини жалб қилиш орқали республикада балиқчиликни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада банк томонидан хизмат кўрсатилувчи “Qaraqalpaqbaliqsanoat” масъулияти чекланган жамияти фаолиятини муҳим аҳамият касб этаётир.
“Ипотека банк” АТИБ Қорақалпоғистон Республикаси филиали томонидан 2018 йилда Хитой давлат тараққиёт банки кредит линияси оркали Хитойнинг “E-LINE CO Ltd” корхонаси билан импорт шартномаси тузилиб, балиқ ва балиқ махсулотларини замонавий қайта ишлаш, қуритиш, қадоқлаш ва музлатиб сақлаш учун янги асбоб-ускуналар ва махсус 5-та техникалар Ўзбекистонга олиб келинди. Ушбу ускуналарни ўрнатиш учун янги цех қурилиши давом этмоқда. 2019 йили қурилиш ишлари тўлиқ якунланиб цех ишга тушгандан сўнг 15 та янги иш ўрни яратилади. Бундан кўзланган асосий мақсад, ишлаб чиқарилган балиқ ва балиқ маҳсулотлари (дудланган, қадоқланган филе, музлатилган)ни ички бозорга ҳамда чет элга экспорт қилиш.
Аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш мақсадида филиал томонидан 40 дона ISUZU SAZ HC-40 русумли ва 10 дона SAZ NP 26 русумли автобуслар сотиб олиш учун кредит маблағлари ажратилди. Бугунги кунда бу автобуслар аҳолига намунали хизмат кўрсатаётир.
Бугунги кунда мижозларнинг пластик карточкаларига сифатли хизмат кўрсатиш билан бирга уларга онлайн тизимда ишловчи пластик карталарнинг афзалликлари тўғрисида тушунтиришлар, СМС хабар хизмати, CLICK хизматларини ёқтириш ва ундан фойдаланиш бўйича тавсия ва кўрсатмалар берилаётир.
Бундан ташқари, бюджетдан молиялаштирилаётган ташкилотлар ходимларининг ойлик иш-ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларини Ғазначилик бошқармасининг UzASBO дастури хамда интернет-банк хизмати орқали уларнинг пластик карта ҳисоб варақларига кирим қилиш тизимлари ишлаб келмоқда.

 

ЎзА