ТАТУ Нукус филиали жамоаси дастурлаш бўйича чемпионат ғолиби бўлди

Тошкент шаҳрида ўтказилган дастурлаш бўйича Wincode чемпионатининг финал босқичи ўз якунига етди.
 
photo5206542146180589923.jpg
Чемпионат “Жамоавий веб-дастурлаш” ва “Бизнесга йўналтирилган масалаларни ечишда 1С фреймворкидан фойдаланиш” йўналишлари бўйича саралаш ва финал босқичларида ўтказилди.
Саралаш баҳсларида “Жамоавий веб-дастурлаш” йўналишида Ўзбекистонга бағишланган сайт-визитка яратиш вазифаси берилди. Топшириқ шартларига кўра, сайт Mobile First тамойиллари асосида ва энг илғор SEO-усулларини қўллаган ҳолда тайёрланган бўлиши, Ўзбекистонга ташриф буюриш ва саёҳат қилиш истагини уйғота олиши керак эди.
“Бизнесга йўналтирилган масалаларни ечишда 1С фреймворкидан фойдаланиш” йўналишида турлар бўйича аризаларни бошқариш тизимини яратиш топшириғи бажарилди.
Саралаш босқичида берилган топшириқни бажариш учун 37 та ариза келиб тушган бўлса, улардан 12 таси финал босқичига йўл олди.
Финал босқичида иштирокчиларга компьютерни ўқитиш, ижтимоий тармоқлардаги маълумотларни таҳлил қилиш ва қайта ишлаш учун сунъий ақл технологияларидан фойдаланиш таклиф этилди.
Иштирокчиларга аниқ вазифа қўйилмади, фақатгина йўналиш берилди. Жамоалар ўзлари 24 соат ичида қизиқарли ғоя ўйлаб топишлари ва уни ишлаб чиқишлари керак эди. Ғоянинг инновационлиги, ечимнинг тугаллиги ва лойиҳани самарали тақдим эта олиш қобилияти баҳоланди.
Мусобақа якунида Telegram мессенжерида хабарнинг “кайфиятини” аниқлайдиган ва таҳлил қиладиган, шунингдек, йирик гуруҳлар ва каналлар бошқаруви учун жуда қулай бўлган чат-бот яратган Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ТАТУ Нукус филиали жамоаси ғолиб деб топилди. Ғолиб 10 миллион сўмга эга бўлди.

 

И.Аввалбоев, ЎзА