Ўн кунда ўн олти тонна асал сотилди

Асал байрамига келганларни энг кўп қизиқтирган савол “тоза асалнинг сифатини қандай аниқласа бўлади?”.
 
photo5395551433400625861.jpg
Мутахассисларнинг бири “бунинг учун қадимдан турли усуллар қўлланилган. Масалан, асал қошиқдан узилмай чўзилиб оқса ёки оловга тутилганида ёнса, сифатли ҳисобланган” деса яна бири оғир асал-тоза бўлади, деган фикрни билдиради.
– Бунинг янада осонроқ усули бор, – дейди асаларичи Ҳамидбек Маҳмудов. – Мисол учун, харид қилишдан олдин бир томчи асалга кимёвий қалам суртиб кўрилганда томчида мовий-бинафша ранг пайдо бўлмаса, демак, у ҳақиқий асал ҳисобланади. Тоза асалнинг шифобахш хусусиятларини сақлаш учун қалай, темир, тунука, мис идишларда эмас, балки, рангли ва шиша идишлар, шунингдек, оғзи маҳкам ёпиладиган чинни, сопол буюмларда сақлаш лозим. Бундан ташқари, қуёш нури ва иситиш мосламаларидан узоқроқда сақлаган маъқул.
Асалари оиласини шакллантириш учун ўртача қанча маблағ талаб этилиши, ундан қанча асал олиш мумкин эканига қизиққанлар ҳам кўпчиликни ташкил этди.
Асаларичиларнинг ҳисоб-китобига кўра, битта оила учун ўртача 600 минг сўм талаб этилади. Жумладан: асалари оиласи ва қутисини сотиб олиш учун 350 минг сўм, зарурий анжом ва жиҳозларни сотиб олиш учун 200 минг сўм, хомашё, зарурий материал ва дори воситаларини сотиб олиш учун 70 мингдан ортиқроқ маблағ зарур бўлади. Ҳар бир асалари қутисида ўрта ҳисобда 8-10 та рамка асал бўлади. Ҳар бир рамкадан ўрта ҳисобда 2,5-3 килограмм асал олиш мумкин. Бу дегани ҳар бир асалари қутидан йилига 20-25 килограмм асал маҳсулот етиштириш демакдир.
Пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманида жойлашган “Экобозор” ҳудудида ўтказилган асал ярмаркаси ана шундай қизғин ўтди.
– Ўн кунда қарийб ўн олти тонна асал, бир тонна мум катаги, бир юз эллик килограмм гул чанги сотилди, – дейди Тошкент шаҳар асаларичилар уюшмаси раиси Фаррух Мусаев. – Асаларичилар маҳсулотларининг кўп қисмини сотишди. Харидорлар ҳам тоза асални танлаб олиш имконига эга бўлишди. Бу каби тадбирларни келгусида яна ташкил этамиз.

 

Сайёра Шоева, ЎзА​​