«Экосан» халқаро хайрия жамоат фонди Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий ташкилоти Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг Давлат гранти танлов ғолиби бўлди.

-«Давлат органлари билан ижтимоий инфратузилмани ривожлантиришга, сифатли коммунал хизматлар кўрсатишга, аҳолини маиший яшаш шароитларини яхшилашга кўмаклашиш» мавзуида Давлат грантлари ажратиш учун танлов мавзусидаги лойиҳанинг асосий мақсади, Нукус шаҳридаги «Қурувчи» маҳалла фуқаролар йиғинидаги кўп қабатли турар жойларнинг атрофини ободонлаштириш, маиший чиқиндиларни тўплаш ва уни қайта ишлаш, аҳоли бандлигини таъминлашдан иборат,-дейди  ҳудудий ташкилот директори Нурлибек Мирзамуратов.- Мазкур кўп қабатли турар жойлар фойдаланишга топширилганда маиший чиқиндиларни ташлаш ўрни талабга жавоб бермаганликдан чиқиндиларни саралаш имкони бўлмаган. Лойиҳани амалга ошириш доирасида «MUSTANAB XILOL» корхонаси базасида замонавий типтаги ахлотхона барпо этилади ва унда чиқиндилар сараланиб, қайта ишланади. Шунинг натижасида икки нафар киши доимий иш билан таъминланади.

-Лойиҳа атроф муҳит тозалигини сақлашда, аҳолининг, айниқса ёшларнинг экологик, тиббий маданиятини оширишда, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларига фуқароларимизни давъат қилишда муҳим аҳамият касб этади,- дейди «Қурувчи» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Бахит Суталлоев.-Келажакда бундай хайрли ишларни бутун маҳалламиз бўйлаб кенг жорий этишни мақсад қилганмиз.

 

 Қорақалпоғистон ахборот агентлиги