Ўзбекистон спорт делегацияси Осиё ўйинларига тайёр

Хабарингиз бор,  18-бор ўтказилаётган ёзги Осиё ўйинлари яна икки кундан кейин Индонезиянинг Жакарта ва Палембанг шаҳарларида расман старт олади.
Айни спорт делегациямизнинг катта қисми мусобақа жойига етиб боришган, айрим спорт турлари бўйича эса мусобақалар аллақачон бошланиб бўлган. Айтайлик, футболчиларимиз дастлабки ўйинни Бангладеш термасига қарши ўтказиб, 3:0 ҳисобида ғалаба қозонишди. Бугун эса Равшан Ҳайдаров устозлигидаги термамиз Қатар термасига қарши кураш олиб боради. Мазкур ўйин Тошкент вақти билан 17:00да бошланади.
Шунингдек, от спорти, теннис, пенчак силат, байдарка ва каноэда эшкак эшиш, слаломда эшкак эшиш, бокс, қиличбозлик, енгил атлетика бўйича терма жамоаларимиз Индонезияга етиб келиб бўлишди.
Ўзбекистон миллий олимпия қўмитасининг хабар беришича, бугун Олимпия шаҳарчасидаги Ўзбекистон спорт делегацияси ишчи гуруҳи учун ажратилган штабда юқорида санаб ўтилган спорт федерациялари раҳбарлари, шунингдек, ишчи гуруҳи аъзолари иштирокида йиғилиш ташкил қилинди. Уни МОҚ раҳбари Умид Аҳмаджонов олиб борди. Йиғилиш давомида спортчиларимиз учун Олимпия шаҳарчасида яратилган шароитлар, уларнинг Осиё ўйинларидаги имкониятлари, ташкилий ишларни тезкор ва сифатли олиб бориш, қолаверса спортчилар кайфиятини кўтариш, уларни ғалабалар сари руҳлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, Умид Аҳмаджонов ҳам Жакарта, ҳам Палембанг шаҳарларида фаолият кўрсатадиган штаб фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича ишчи гуруҳга тегишли кўрсатмаларни берди.
Эслатиб ўтамиз, бугун Олимпия шаҳарчасида Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи кўтарилади. Мусобақанинг тантанали очилиш маросими эса 18 август куни “Гелора Бунг Карно Стадиум”да бўлиб ўтади.

 

О. Юнусов, ЎзА