"Ниҳол" мукофотининг янги соҳиблари тақдирланди

Пойтахтимиздаги «Истиқлол» саройида 25 август куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёш истеъдодлар учун таъсис этган «Ниҳол» мукофотининг янги соҳибларини тақдирлашга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. 

Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллиги муносабати билан «Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!» шиори остида ташкил этилган мазкур тадбирга турли ижодий ташкилотларнинг вакиллари, санъат намояндалари, мусиқа санъати мухлислари таклиф этилди.

Мамлакатимизда миллий маданиятимиз ва санъатимизга бўлган эътиборни тобора кучайтириш, айниқса, ёш ижрочиларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларни янгидан-янги ижодий марралар сари руҳлантириш борасидаги амалий ишлар истеъдодлар сафининг тобора кенгайишида муҳим аҳамият касб этмоқда. «Ниҳол» мукофоти мусиқа санъатининг турли йўналишларида ғайрат билан ижод қилаётган ёш йигит-қизларни халқимизга танитиш, улар ижодини янги, янада юқори савияда йўлга қўйишда яқиндан кўмаклашишдек эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 3 август куни юртимиз ижодкор зиёлилари билан учрашувда таъкидлаганидек, ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар онгу шуурини турли зарарли ғоялар таъсиридан ишончли ҳимоялашда ижод аҳли, жумладан, санъатга энди қадам қўяётган ёш ижрочилардан ҳам катта масъулият талаб этилаётганини бугун замоннинг ўзи кўрсатиб турибди.

2016 йил октябрь-ноябрь ойларида «Ниҳол» мукофоти танловининг туман (шаҳар) саралаш босқичлари ўтказилганди. Унда 13 мингдан ортиқ ижодкор ёш ўз маҳоратини намойиш этди. Уларнинг энг муносиблари республика босқичида қатнашиб, мумтоз қўшиқ, мусиқа ижрочилиги, эстрада, опера ижрочилиги, рақс санъати йўналишларида ўз мусиқий дастурини «Ниҳол» мукофоти республика кенгаши аъзолари, мутахассислар ва экспертлар, кенг жамоатчилик, санъат ихлосмандлари эътиборига ҳавола этди.

Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма олти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисидаги қарорига мувофиқ ёш истеъдодлар учун “Ниҳол” мукофотига номзодларнинг республика саралаш босқичини ҳамда ғолиблар ижросидаги концерт дастурини байрамона тарзда ўтказишга алоҳида эътибор қаратилди.

Ушбу танловнинг саралаш босқичларида қўшиқлари билан ёшларни эзгуликка, Ватан олдидаги масъулиятни теран англашга чорлашга қодир бўлган, эл-юрт, жамият, санъат ихлосмандлари олдидаги ижтимоий бурчини теран англайдиган, чин маънодаги истеъдод соҳибларини аниқлашга жиддий ёндашилди. Шу билан бирга иштирокчиларнинг инсонийлик ва ватанпарварлик фазилати, репертуари савияси, профессионал тайёргарлик даражаси, санъатга бўлган интилишига катта аҳамият қаратилди.

Юртимизда барпо этилаётган болалар мусиқа ва санъат мактаблари, болалар бадиий ижодиёти марказлари, мусиқа санъати йўлидаги доимий эътибор янгидан-янги истеъдод эгаларини камол топтиришга хизмат қилаётгани ушбу ижодий лойиҳа жараёнида яна бир карра ўз исботини топди. Мазкур мукофот соҳиблари ўз йўналишлари бўйича олий ўқув юртига имтиҳон ва тест синовларисиз давлат гранти асосида ўқишга кириш имконияти, «Ниҳол»нинг махсус статуэткаси ва энг кам ойлик иш ҳақининг 70 баробари миқдорида пул мукофотига сазовор бўлади.

…»Истиқлол»нинг муҳташам зали мухлисларга лиқ тўлган. Томошабинлар олқиши остида мусиқа садолари янграйди. Мамлакатимизда санъатнинг барча йўналишлари каби мусиқанинг янада равнақ топиши, унинг бетакрор мактаб ва анъаналари бардавомлигининг таъминланиши, ёш истеъдод соҳибларининг завол билмай камол топиши йўлидаги зарур имкониятлар, ғамхўрликларнинг амалий самаралари саҳнада янграган мусиқий асарлар, ранг-баранг дастурлар, дилбар куй-қўшиқлар, жозибали рақслар мисолида янада яққолроқ намоён бўлади.

45.JPG

21.JPG

Йигирма ёш ижрочи «Ниҳол» мукофотининг 2017 йилги соҳиби сифатида эълон қилинди. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда Миллий телерадиокомпания ҳамкорлигида имзоланган меморандумга асосан «Ниҳол»нинг янги совриндорлари бир йил мобайнида ўз қўшиқларини телерадиоканалларда бепул эфирга узатиш, аудиостудияларда имтиёзли мусиқа ёзиш имкониятига эга бўлди.

– Бугун ёш хонанда ёки мусиқа ижрочилари учун мисли кўрилмаган шароит ва имкониятлар яратиб берилмоқда, – дейди «Ниҳол» мукофоти соҳиби сурхондарёлик Қаҳрамон Рашидов. – Бундай катта эътибор бизни янада фаол бўлишга, Ватанимиз, халқимиз, устозларимиз олдидаги масъулиятни, ижодий бурчимизни янада теранроқ англашга, билдирилаётган юксак ишончни оқлашга, унга муносиб бўлишга ундайди.

Кечада жонажон Ўзбекистонимизни, тинч ва осойишта, бахтиёр ҳаётимизни, халқимиз фаровонлиги, ёшлар истиқболи йўлидаги улкан эътиборни тараннум этувчи қўшиқлар янгради.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.Норбоева сўзга чиқди.

 

Назокат Усмонова, Темур Мамадаминов (сурат), ЎзА