МУНДИАЛ КУНДАЛИГИ: 1-тур, 5-кун: Кейннинг маҳорати жамоадошлари жонига оро бўлди

Россия мамлакатида ўтаётган Жаҳон чемпионатининг 1-тур доирасидаги бешинчи кун ўйинлари бўлиб ўтди. Эътиборли жиҳати, бу кунда бошқа кунларга нисбатан бирорта дуранг натижа қайд этилмади. 
Ваҳоланки, бу кунда ҳам навбатдаги шов-шувли воқеа содир бўлишига бир баҳя қолди. Футбол ватани вакиллари дастлабки турдаёқ очко йўқотишлари мумкин эди, бироқ Тунис термаси билан кечган ўйиннинг сўнгги дақиқаларидагина инглизлар кейннинг боши билан урган голи эвазига ютуққа эришди…
“Ғ” гуруҳи. 18 июнь. 1-тур.
Гуруҳининг бир кун олдин бўлиб ўтган биринчи учрашувида Германия термаси Мексикага мағлуб бўлиб, мундиалнинг чинакам биринчи шов-шувига сабаб бўлганди. Гуруҳдаги иккинчи учрашувда шведлар қитъадошларимиз Жанубий Корея термасига қарши тўп суришди. Хабарингиз бор, шведлар Россияга Италияни “ўйиндан чиқарган” ҳолда, терма жамоанинг кейинги ўн йилдаги ёрқин юлдузи Златан Ибрагимовчсиз етиб келишди. Златан икки йил аввал саралаш ўйинларида уч учрашувдан атиги бир очко олганидан кўнгли тўлмай термадаги фаолиятини тугатиб қўя қолганди.
Жаҳон чемпионатларида тўққизинчи бор қатнашаётган қитъадошларимиз Жанубий Корея термаси бош мураббийи Син Тхе Ён дастлабки ўйинга антиқа усул танлади. У бир кун олдинги машғулотларда рақибларини чалғитиш учун футболчиларнинг кийимидаги рақамларини алмаштирди. Сабаби, у европаликлар осиёликларни фақат мана шу рақамлари орқали танишларини яхши биларди.
Швецияликлар танаффусга қадар гол уриш иштиёқида бўлдилар, осиёликлар эса ўз омадларини асосан қарши ҳужумдан кутдилар. Аммо ҳар иккала жамоанинг ҳимоя чизиғи анча ишончли ўйнади.
Шуни айтиш жоизки, жамоалар эътиборларини чиройли ўйин ва натижага қаратиш ўрнига кўп вақтларини қоида бузишга, жарималар сонини кўпайтиришга қаратгандек бўлишди.
Учрашувнинг 62-дақиқасида ғалати вазият юзага келди. Швеция футболчиси жарима майдончаси ичида йиқитилди. Бош ҳакам вазиятга яқин турган бўлишига қарамай, ўйинни давом этишини кузатди. Лекин кўп ўтмай ҳуштак чалиб ўйинни тўхтатди. Унга видео такрордаги ёрдамчилари хабар беришди. Бош ҳакам видео такрорни кўргач, қарорини ўзгартирди ва пенальти белгиланди. Гранквист пенальтидан унумли фойдаланди. Мазкур гол ўйин охиригача ягоналигича қолди. Бир сўз билан айтганда, VAR тизими шведларга қўл келди.
ШВЕЦИЯ – ЖАНУБИЙ КОРЕЯ (1:0). «Нижний Новгород» стадиони.
SWE_KOR_END.jpg
Бош ҳакам: Жоэл Агуилар (Сальвадор).
Швеция: Робин Олсен, Микаэл Лустиг, Понтус Янссон, Андреас Гранквист, Людвиг Аугустинссон, Виктор Клаессон, Себастьян Ларссон (Густав Свенсон, 81), Альбин Экдаль (Оскар Хильемарк, 71), Эмиль Форсберг, Ула Тойвонен (Исаак Кисе Телин, 77), Маркус Берг.
Жанубий Корея: Ким Син Гю, Хюн Со Жанг, Пак Жу Хо (Ким Мин Ю, 28) , Ли Йонг, Ким Йонг Гвон, Ки Сон Ён (Ли Син У, 72), Вуу Янг Жанг, Хи Чан Хванг, Жай Сунг Лии, Сон Хён Мин, Ким Шин Вук (Чон Ю Ён, 66).
Гол: Гранквист (65-пенальти)
Огоҳлантиришлар: Клаессон (61) – Ким Син Ук (12), Хи Чан Хванг (55).
“G” гуруҳи. 18 июнь. 1-тур.
Мазкур гуруҳнинг иккала ўйини ҳам бўлиб ўтди. Дастлаб майдонга Бельгия ва Панама термалари тушишди.
Панама Жаҳон чемпионатида илк бор иштирок этмоқда. Улар саралашда АҚШ термани ортда қолдириб, мундиал йўлланмасини ҳал этганди. Панама таркибида Жаҳоннинг Топ клубларида тўп сурувчи таниқли футболчининг ўзи йўқ. Жамоага эса мундиал “мазасини” бир неча бор татиб кўрган колумбиялик Эрнан Гомес устозлик қилмоқда. У ўз даврида Колумбия ва Эквадорни мундиалга етаклаб борган. Эквадорликларнинг илк бор Жаҳон чемпионатига олиб борган бош мураббий ҳам айнан Гомес бўлади.
Бельгиянинг таркиби эса юлдузлар билан тўла. Шунинг учун ҳам улар учрашувнинг дастлабки дақиқаларидан ташаббусни ўз қўлларига олишди ва ҳужумкор ўйинни намойиш этишга ўтишди. Биринчи бўлимда тўп назорати тўлиқлигича бельгияликлар томонида бўлди, панамаликлар эса иккинчи рақамда ҳаракат қилишди. Шундай бўлса-да биринчи бўлимда ҳисоб очилмади.
Бельгияликларнинг мазмунли хатти-ҳаракатлари иккинчи бўлим бошиданоқ исботини кўрсата бошлади. Рақиб ҳимоячисининг бош билан қайтариб юборган тўпига ҳавода ажойиб ва кучли зарба берган Мертенс дарвозанинг юқори бурчагини аниқ нишонга олди ва супергол муаллифига айланди.
Панамаликлар ҳужумкорликни оширишди, ўз омадини фақат Бельгия дарвозаси олдидан қидиришга киришди. Аммо ҳаракатлар беиз совурилди, бельгияликлар иккинчи голини ҳам киритишди. «Манчестер Сити» вакили Де Брюйненинг узатмасидан сўнг «Манчестер Юнайтед» ҳужумчиси Лукаку яқин масофадан тўпни боши билан уриб, дарвозага аниқ йўллади. Беш дақиқа ўтар-ўтмас Лукаку ўзининг иккинчи, жамоадошларининг эса учинчи голини киритди. Шундан кейин панамаликлар таслим бўлганликларини тан олишгандек бўлишди.
БЕЛЬГИЯ – ПАНАМА (3:0) Сочи. «Фишт» стадиони.
258557.jpeg
Бош ҳакам: Жанни Сиказве (Замбия)
Бельгия: Куртуа, Боята, Вертонген, Менье, Алдервейрелд, де Брюйне, Феррейра Карраско (Дембеле, 74), Витцель (Шадли, 90), Азар, Мертенс (Азар, 83), Лукаку.
Панама: Пенедо, Торрес, Дэвис, Мурильо, Эскобар, Годой, Гомес, Купер, Барсенас (Торрес, 63), Родригес (Диас, 63), Перес (Техада, 73).
Голлар: Мертенс (47), Лукаку (69, 75).
Огоҳлантиришлар: Менье (14), Вертонген (59), де Брюйне (88) – Дэвис (18), Барсенас (45), Купер (49), Мурильо (51), Годой (57).
Футбол ватани вакиллари анчадан буён саралаш ўйинларини кўнгилдагидек ўтказиб, турнирга фаворит сифатида ташриф буюрадию, бироқ финал босқичида улардан омад юз ўгиради. Англия термаси мундиалдаги кам сонли термалар каби, таркиби фақат мамлакат премьер-лигаси аъзоларидан иборат.
Тунисликлар беш маротаба Жаҳон чемпионатида иштирок этишган, гарчи ҳар гал гуруҳдан чиқа олмаган бўлишсаларда, финал босқичида қатнашишнинг ўзини катта ютуқ дея ҳисоблашган. Шунинг учун ҳам уларнинг бисотида деярли ғалабанинг ўзи йўқ. Сўнгги бор ютуққа эришганига ҳам 40 йилдан ошди. Аргентинада ўтган мусобақада тунисликлар илк ва сўнгги бор ғалабага Мексика устидан эришганди.
Мазкур учрашувда тунисликлар 4-3-3, инглизлар эса 3-5-2 усулдан фойдаланишди.
Жамоалар ҳали бир-бирларини ўрганиб улгуришмасиданоқ инглизлар ҳисобни очишди. Янг томонидан бурчакдан ошириб берилган тўпга Стоунз боши билан кучли зарба берди. Тунис посбони Ҳассан қийинчилик билан тўпни қайтарди, аммо бу ерда ҳозир-у нозир бўлган Кейн тўпни осонлик билан дарвозага йўллаб қўйди.
Шундан кейин Тунис термаси аъзолари ўйин тизгинини ўз қўлларига олишга уринишди, аммо барча ҳаракатлар бесамар кетаверди.
Ниҳоят, тунисликлар пенальтидан бўлса-да ҳисобни тенглаштириш имкониятига эга бўлишди. Бу паллада Уокер жарима майдончаси ичида рақибини тирсаги билан уриб, йиқитди. Бундай “лотореяни” эса Сасси қўлдан чиқармади.
Ҳисоб тенглашгач, инглизлар ўйинни янада кучайтириши кутилганди, лекин бундай бўлмади, аксинча, «йўқолиб» қолгандек таассурот қолдирди, фақат стандарт вазиятларга таянган ҳолда ўйнади. Учрашувнинг асосий вақти тугаб қўшимча дақиқалар белгиланди. Тунисликларни ғалабага тенг дуранг ҳам қаноатлантирарди, аммо қўиб берилган дақиқанинг биринчисида Кейн яна катта саҳнага чиқди. Тунис ҳимоячилари Кейнни эътиборсиз қолдиришди, Кейн эса яна боши билан гол уриб, жамоадошлари учун ўта муҳим бўлган ғалабани таъминлади.
Учрашув статистларининг ҳисобига кўра, ўйинда тунисликлар 92 км, англияликлар эса 90 кмдан ортиқ югуришибди.
ТУНИС – АНГЛИЯ (1:2) Волгоград. «Волгоград Арена» стадиони.
258593.jpeg
Бош ҳакам: Вилмар Ролдан (Колумбия).
Тунис: Ассен (Бен-Мустафо, 15), Бен-Юсуф, Маалуль, Бронн, Мерья, Слити (Бен-Амор, 74), Скири, Хазри (Халифа, 85), Сасси, Бадри, Бен-Юсуф.
Англия: Пикфорд, Уокер, Стоунз, Янг, Магуайр, Алли (Лофтус-Чик, 80), Лингард (Дайер, 90), Стерлинг (Рэшфорд, 68), Хендерсон, Триппьер, Кейн.
Голлар: Сасси (35-пен) – Кейн (11, 90).
Огоҳлантириш: Уокер (33).
Ойбек Юнусов

 

ЎзА