Гулистонда БМТ Яшил иқлим жамғармаси фаолияти ва у билан ҳамкорликнинг устувор масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди.

Тадбирда Сирдарё вилояти ҳокимлиги, вилоят фавқулодда вазиятлар, соғлиқни сақлаш бошқармалари, тижорат банклари мутахассислари, тадбиркорлар, фермерлар, Гулистон давлат университети профессор-ўқитувчилари иштирок этди.

Дунё мамлакатларини жиддий ташвишга солаётган глобал муаммолардан бири бу иқлим ўзгаришидир. Марказий Осиё бундай ўзгаришлар кўп кузатилаётган ҳудудлардан бўлиб, мамлакатимизда ҳам бу муаммога жиддий эътибор қаратиш талаб этилади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, ўтган асрнинг ўрталаридан Ўзбекистонда иқлимнинг исиш тенденцияси кузатилиб, ҳар 10 йилда йиллик ўртача ҳарорат 0,29 даражага ошиб бормоқда. Айниқса, сўнгги ўн йилликда иқлим ўзгариши билан боғлиқ салбий ҳодисалар туфайли ер юзида сув ресурслари танқислиги кузатилмоқда. Шу сабабли дунё миқёсида иқлим ўзгаришининг олдини олиш ва унинг оқибатларига мослашиш бўйича зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий қилиш муҳим аҳамият касб этаётир.

Яшил иқлим жамғармаси глобал миқёсдаги ташаббус бўлиб, 2010 йилда ташкил этилган ва у иқлим барқарорлигига асосланган ривожланишни молиялаштиради. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати маркази Яшил иқлим жамғармаси билан ҳамкорликда ишлаш ваколатига эга. Марказ ўз ваколатлари доирасида Яшил иқлим жамғармаси билан қатор лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.

Тадбирда ушбу жамғарма билан ҳамкорлик истиқболлари, иқлим ўзгаришидаги салбий оқибатларнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Жамғарма аккредитациядан ўтган турли ташкилотлар орқали лойиҳа ва дастурларга молиявий кўмак кўрсатади. Айни пайтда жамғарма ходимлари мамлакатимизда “Ўзгидромет” марказининг қўллаб-қувватлаши натижасида иқлимдаги нохуш ўзгаришларга мослаштирилган иссиқхона газлари эмиссиясини камайтириш йўлида вилоятлардаги турли ташкилот вакиллари томонидан тақдим этилган 7 ҳужжат бўйича йирик лойиҳаларни қайта ишлаб, молиялаштириш бўйича иш олиб бормоқда.

 

Абдужалол Қаюмов, ЎзА