"Саломатлик поезди" Қорақалпоғистонга йўл олди

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастури доирасида республикамизнинг экологик жиҳатдан ноқулай минтақаларида яшовчи аҳолига сифатли тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш мақсадида “Саломатлик поезди» акциясини ўтказмоқда.

Аҳолини, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, чекка қишлоқларда яшаётган аёллар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, аҳолининг тиббий саводхонлигини оширишга қаратилган мазкур акция доирасида 2018 йилнинг январь ойида Андижон вилоятига “Саломатлик поезди» жўнатилган эди.

2.JPG

Унда мутахассислар томонидан 734 нафар аҳоли чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Тиббий кўрик билан бир қаторда вилоятдаги тиббий ва ижтимоий муассасаларга, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга манзилли равишда озиқ-овқат, кийим-кечак, дори-дармон, витамин, тиббиёт жиҳозлари, санитария-гигиена воситалари тарқатилди. Шунингдек, жорий йилнинг март ойида Навоий вилоятида амалга оширилган “Саломатлик поезди» акцияси доирасида мутахассислар ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган икки мингга яқин аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказди.

4.JPG

“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти билан ҳамкорликда ташкил этилган хайрия акцияси доирасидаги навбатдаги “Саломатлик поезди» Қорақалпоғистон Республикасининг чекка ҳудудларига йўл олди. Тошкент–Қорақалпоғистон–Жаслиқ–Тошкент йўналишидаги “Саломатлик поезди» 27 апрелга қадар аҳолига тиббий ёрдам кўрсатади. “Саломатлик поезди»да юқори малакали шифокорлар гуруҳи аҳолига зарур тиббий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиши режалаштирилган.

9.JPG

Мазкур поезд Қорақалпоғистон, Жаслиқ станцияларининг яқин ҳудудларидан ташқари фонднинг ҳудудий филиали кўчма тиббий-ижтимоий ёрдам бригадаси орқали ҳудуддаги марказий шифохоналар, вилоят болалар ва туғруқ комплексларига ҳамда кўзи ожиз, ақли заиф ва кар-соқов болалар махсус мактаб-интернатларига тиббий ижтимоий ёрдам кўрсатади.

 

Гўзал Сатторова, Темур Мамадаминов (сурат), ЎзА