Наврўз — халқнинг ўзидай қадим ва улуғ айём

Наврўз бу тинчлик, тотувлик, фаровонлик байрами. Миллати, динидан қатъий назар, шу юртда яшаётган барча миллатлар, элатлар учун бирдек севимли айём. Кексаю ёш учун бирдек азиз шодиёна!

Бу байрам оддий байрам эмас, балки халқимизнинг тарихи, фалсафаси, тушунча тасаввурлари, қадриятларини ўзида мужассам этган, миллат билан улғайиб, миллат билан бирга тараққий этган байрам. Бу байрам қадим-қадим замонлардан буён элимиз ардоқлаб келаётган, элимизни, юртимизни улуғлаб келаётган байрам. Қуйида фолклоршунос олим, филология фанлари доктори Жаббор Эшонқулов билан Наврўзнинг келиб чиқиши, тарихи, азалий қадриятларимизнинг бизнинг кунимизгача яшаб келаётгани, умумхалқ байрами билан боғлиқ анъана, урф-одат ва маросимларнинг ҳамон элимизнинг ардоғида экани ҳақида суҳбатлашдик.

— Жаббор ака Наврўз юртимизда умумхалқ сайли сифатида нишонланмоқда. Бу билан яна Наврўзнинг қадим ва асл ўзанига, илдизга юз бураяпмизми?

— Биз ҳар йили бу айёмни зўр тантаналар билан нишонлаймиз. Ҳар йили унинг янгидан-янги қирраларини, асрлар бўйи сир-синоат бўлиб келаётган жиҳатларини кашф этиб бораверамиз. Тарих бу шунчаки рақамлардангина иборат эмас. У ҳар бир халқнинг тушунча ва тасаввурлари, қувончу ташвишлари, орзу умидларини ҳам ифода этади. Айтишимиз мумкинки, мустақиллик даврида Наврўз тамомила янгича мазмун ва моҳият кашф этди. Халқимиз ҳаётидан ўзининг муносиб ўрнини эгаллади.

Чунки қадимда Наврўз кенг дала қирлар, тоғлар, боғлар қўйнида бутун элу улус билан биргаликда нишонланган. Бундай сайлларда оддий деҳқон ҳам, амалдор ҳам барчаси бирдек иштирок этган, Наврўзнинг тантанали кутиб олинишига ўз ҳиссасини қўшган. Эл, улус билан бирликни, тотувликни яна бир карра ҳис қилган.

— Наврўз байрамининг келиб чиқиши ҳақидаги манбалар ҳақида ҳам маълумот бериб ўтсангиз?

— Наврўз ҳақида тарихий, адабий манбалар кўп. Маҳмуд Қошғарий, Беруний, Умар Хайём, Алишер Навоий каби алломаларимизнинг асарларида ва бошқа манбаларда Наврўз байрами, у билан боғлиқ урф-одатлар ҳақида кўплаб маълумотлар келтирилган.

Абу Райҳон Беруний ўзининг «Қадим халқлардан қолган ёдгорликлар» деб номланган асарида бу байрамга катта ўрин ажратади. Унинг келиб чиқиши, тарихи ҳақида фикр юритади. Бироқ, энг бу муҳими бу азалий қадриятнинг бизнинг кунимизгача яшаб келаётгани, Наврўз билан боғлиқ анъана, урф-одат ва маросимларнинг ҳамон элимизнинг ардоғида эканлигининг ўзи энг ишончли ва мутабар манбадир
Маълумки мавсумий маросимлар дунёнинг барча халқлари орасида энг кўҳна тасаввурлар билан боғлиқ ҳолда пайдо бўлади. Улар хар бир халқ яшаётган ҳудуднинг шарт – шароити, об – ҳавоси, халқнинг турмуш тарзи ва бошқа бир қатор факторлар билан боғлиқ равишда шаклланиб ривожланади. Халқнинг асл, азалий байрамлари биринчи галда унинг фольклорида ўз аксини топади.

Йил фаслларининг алмашинуви билан боғлик билим ва тажрибалари, тақвим ва ҳисоблари авлоддан – авлодга турли айтим, мақол, матал, топишмоқ, нақл ва афсоналар шаклида мэрос бўлиб ўтади. Байрам маросимларида ижро этилувчи қўшиқларда эса унинг мазмун – моҳияти бетакрор метафора ва ўхшатишлар орқали, тимсолий тарзда ифода этилганлигини кузатамиз. Даврлар ўтиши билан уларнинг баъзилари маросимлардан узилиб, турли ўринларда, турлича ижро этилаётган бўлсада, байрам тизимини яхлит тасаввур этишга ёрдам беради.

— Асрлар оша, аждодларимиздан ўтиб келаётган, наврўз билан боғлиқ мавсум, маросим қўшиқлари ва яна бошқа кўплаб лирик мэросимиз қанчалик муҳим бадиий – эстетик, маданий марифий аҳамиятга эга деб ўйлайсиз?

— Айнан кўклам пайтида фасллар алмашинуви, табиатнинг қайта тирилиши, уни жонлантириш билан боғлиқ «Қозон тўлди» каби қадимий маросимлар, қўчқор, хўроз уриштириш томошалари, полвонлар кураши, бахшилар беллашуви, сумалак, лола сайллари бўлиб ўтган. Ушбу маросим ва сайллар моҳиятан инсон ҳаётини янада яхшилаш, табиат мушкулотларини енгиллаштириш, келаётган кўклам ва янги йилни қутлаб, унинг қут-баракали ўтишини Яратгандан сўраш, турли ўйин, ҳаракат, қўшиқлар асосида келаётган йилнинг қандай бўлишини чамалаб кўришга хизмат қилган. Ушбу эътиқод ва у билан боғлиқ маросимлар тизими элимиз орасида бугунги кунгача яшаб келмоқда.

Наврўз ҳақидаги афсоналарнинг бирида аждодларимиз темир қояни эритиб, янги маконга чиққанлиги, шу кунни янги кун, йилнинг боши, деб атагани айтилади.

Темир қоянинг эритилиши, темирчилик сирларининг кашф этилиши бу албатта ўз даври учун катта бир инқилоб, янги бир тамаддуннинг бошланиши эди.

Бугун инсоният техника тараққиётида жуда илгарилаб кетди, юксак бир цивилизацияга эришди. Ана шу эврилишларда, ана шу тамаддунда қачонлардир омоч ҳайдаб, табиат, коинот ҳақида тафаккур қилган аждодларимизнинг ҳам улкан ҳиссаси борлигини, бу ўлка ҳамиша илму маърифат, маданият ва тафаккур бешиги бўлиб келганлигини унутмаслигимиз лозим.

Нима учун тиббиёт, илму нужум, арифметика ва яна қатор фанларга айнан мана шу ўлкада асос солинди? Наврўз тарихини, унинг моҳиятини ўргансак бу саволларга албатта жавоб топамиз.

— Бойчечак и тутдилар,
Тут ёғочга осдилар.
Қилич билан чопдилар,
Бахмал билан ёпдилар.

Мазкур қўшиқ сатрлари бир қараганда анчайин жўн ва тушуниксиздек туюлади?

— Лекин бу, фақат юзаки қараганда шундай. Бу қўшиқда бойчечак муқаддас саналиб, «қурбонлик» қилиниши билан боғлиқ қадим маросим ҳақида сўз бормоқда.

Қиш узоқ чўзилиб, кўклам келиши интиқлик билан кутилганда Бойчечак маросими ўтказилган. Бу маросим улус ҳаётида муҳим саналган ва унга махсус тайёргарлик кўрилган. Даставвал катталар ижросида ўтказилган бу маросим кейинчалик болалар фольклори кўринишини олган. Зеро, унутилган кўпгина маросимларнинг излари айнан болалар фольклори таркибида сақланиб қолади.

Бойчечак қўшиғи таҳлили шуни кўрсатадики, қадимда бу маросим қиш ва кўкламнинг курашини ифодалаган. Улуғ тилшунос аллома Маҳмуд Кошғарийнинг қиш ва кўклам мунозараси ҳақидаги сатрларини эслайлик:

Қиш ёз билан тўқнашди,
Қаҳрга тўлиб қарашди,
Кураш учун яқинлашди,
Енгаман деб олишар.

Бу сатрлар биринчидан қиш ва кўклам кураши ҳақидаги тасаввурлар акс этган қадимий қўшиқлар Кошғарий замонида ҳам мавжуд эканлигидан далолат берса, иккинчидан у Бойчечак маросим қўшиғига уйғун эканлиги билан ҳам эътиборга моликдир.

Бойчечак тутган болалар уйма-уй юриб, хонадонлардан қишни ҳайдаганлар. Маросим қанчлик тантанали ўтса, унда куйланган кўкламни улуғловчи қўшиқлар қанчалик баланд куйланса, қиш шунчалик тез хонадонларни тарк этган. Кўклам чечаги Бойчечак эса хонадонларга шоду-хуррамлик, бахт ва омад, тўкинлик ва барака олиб келади, деб тасаввур қилинган. Аждодларимиз ўзи билан табиат ўртасига чегара қўймаган. Инсонни табиатнинг бир бўлаги деб қараган. Боши узра порлаб турган ой, қуёш ҳамда юлдузлар, атрофини ўраб турган табобат, набототнинг сирини билишга, ундаги ўзгаришлар инсон қалби ва руҳиятига таъсир этишини англаганлар.Табиатни алқаганлар, самони улуғлаганлар. «Бойчечак» ва шунга ўхшаш Наврўз билан боғлиқ кўпгина маросимлар асосида ана шундай тасаввурлар ётади.

— Наврўз байрамида, бошқа рангларга нисбатан қизил, сариқ, яшил, оқ ранглар устунлик қилади. Ранглар фалсафаси, уларнинг этник, психологик, бадиий-поетик талқинлари ҳақида ҳам гапириб ўтсангиз?

— Ранглар инсон ҳаётида шу қадар муҳим ўрин тутадики, қадим мифлардан тортиб, то бугунги кунда ҳам яратилаётган бадиий асар намуналарининг барчасида ранглар билан боғлиқ тимсолий талқинларни, бошқача қилиб айтадиган бўлсак, ранглар фалсафасини кўрамиз.

Ранглар билан боғлиқ тасаввурлар бизда кеча ёки бугун ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмаган. Халқимизнинг рангларга муносабатининг тарихи ҳам жуда қадимий. Қайсидир маънода у Наврўз билан боғлиқ, десак муболаға бўлмайди. Зеро, Наврўз ҳақидаги қўшиқ бўладими, урф-одат, маросим ёки халқ ўйинлари, томошо санъати барчасида рангга алоҳида урғу берилган. Гўёки арзимас бўлиб туюлган ранглар тимсолида, аждодларимизнинг табиатга, юртга, ўз ўтмишига бўлган гўзал бир муносабатни кўрамиз.

Аждодларимиз, табиатга инжа муносабатда бўлган, уни аяган, алқаган, улуғлаган. Бу тушунчалар эса уларнинг қўшиқларига, достонларига, ўйинларига, амалий ва ҳунармандчилик санъатига кўчиб ўтган. Халқимизнинг яшаш тарзи, яъни оддийгина ўтовдан тортиб, гилам, ёпилган нонда, каштачилик, гиламчилик санъатида бу тасаввурлар янада ёрқинроқ намоён бўлади.

Мисол учун, оддийгина каштачиликни олиб қарайлик. Уларда қуёш рамзи билан боғлиқ тасвирлар алоҳида ўрин тутади. Кашта ва сўзаналардаги асосий мавзу айнан қуёш билан боғлиқ. Чунки, ҳаётда, табиат ва инсон муносабатида қуёш жуда муҳим рол ўйнаган. Сўзаналарда фасллар алмашинуви, чиқаётган ва ботаётган қуёш тасвири анъанавий рамзларда муҳрланиб қолган. Шунинг учун ҳам Наврўз билан боғлиқ барча ҳолатларда қизил, сариқ, яшил, оқ ранглар талқини устунлик қилади.

Ранглар билан боғлиқ жой номлари, исмлар, тилимиздаги қўшимчалар буларнинг бари нафақат азалий қадриятимиз бўлган Наврўзнинг мазмун моҳиятини англашда, балки бадиий мэросимиз, фольклор ва ёзма адабиёти намуналаридаги ранглар фалсафасини англашимизда яқиндан ёрдам беради.

— Наврўз бу тун билан кун тенг келган кундир. Бобокалонларимиз, айнан мана шу куни самовий жисмлар ҳаракатида улкан бурилиш ясалади, табиатда жонланиш юз беради деб, уқтириб келишган. Замонавий илм-фан бу қарашлар, бу ҳаётий билим мукаммал даражадаги аниқликка эга эканлигидан ҳамон ҳайратга тушмоқда?!

— Наврўз билан боғлиқ қарашлар бу улуснинг қадимий билим, улкан ҳаётий тажрибаси эди. Даврлар ўтиши билан бу билим тизимга солиниб, ҳаётларига уйғун, ҳамоҳанг ҳолда эзгу қадрият сифатида авлодларга мэрос қолдирилган. Биз Наврўзни қанча кўп ўргансак унинг тарихи шунчалар теран эканини янада кўпроқ англаб бораверамиз.

Наврўз ҳақидаги афсоналарнинг бирида ушбу айём кунида давлат қуши учирилиб, у кимнинг бошига қўнса ўшани шоҳ этиб сайлаганлари ҳақида сўз юритилади. Аслида бу давлатчилик ҳақидаги қарашларнинг илк куртаклари эди. Бу юртда, бу тупроқда Амир Темур давлати каби улкан салтанат ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмаган. Бунинг замини жуда олис замонларга, аждодларимиз ўз қадриятларини улуғлаб, уни Наврўз деб аталган қомусий бир тизимга сола бошлаган даврларга бориб тақалади. Наврўз шунчаки бир байрам эмас, бу халқимизнинг жипслашиши, давлатчилик тушунчаларининг шаклланиш жараёни билан чамбарчас боғлиқ улкан қадриятдир.

Дунё халқлари турли тақвимларга амал қилишади. Бу тақвимларнинг энг қадимийси Шарқ халқлари амал қилиб келаётган ой, қуёш, юлдузлар ҳаракатига асосланган тақвимдир. Наврўз билан боғлиқ қарашларнинг асл моҳиятида ўзи нима ётади, деган саволнинг туғилиши табиий. Унинг ибтидосида ёвузлик устидан эзгуликнинг, тун устидан куннинг, зулмат устидан ёруғликнинг тантанасини кўрамиз. Бу кураш наврўз билан боғлиқ афсона, ривоят, қўшиқ, мақол ва айтимларнинг қат-қатида турли хил образларда, рамзларда муҳрланиб қолган.

— Наврўзнинг ҳали яна ўрганиладиган, тадқиқ этиладиган қайси томонлари ҳақида айтиб ўтишни истардингиз?

— Наврўз дегани тун билан куннинг тенглашиши, хаоснинг космосга айланиши, яъни тартибсизликларга тартиб берилиши, қиш даврида уйқуга кетган уруғнинг ниш отиши, қулоқ чиқариши, янги давр, янги кўклам, янги кўтарилиш ва юксалишнинг бошланиши дегани.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорига мувофиқ «Ўзбек халқ ижоди ёдгорликлари»нинг кўп жилдлигини нашр этиш ишлари бошлаб юборилган. Бу кўп жилдлик юз жилд бўлишига режалаштирилган. Бугунги кунгача унинг 10 жилдини нашрдан чиқди. Яна 25 жилди чоп этилиши арафасида. Қолган жилдлар устида изланишлар олиб борилмоқда.

Мана шу кўп жилдликларнинг ичида Наврўз билан боғлиқ халқ оғзаки ижоди намуналарининг алоҳида ўрни бўлади. Бу жилддан Наврўз билан боғлиқ урф-одат ва маросим қўшиқлари, болалар фольклори, халқ ўйинлари, афсона ва ривоятлар ўрин олади. Бу эса келгусида Наврўзни янада кенгроқ ўрганиш ва тадқиқ этишда муҳим манба бўлиб хизмат қилади.

Наврўзга доир барча материаллар йиғилса, тўпланса уни кенгроқ миқёсда қиёсий ўрганиш имконияти юзага келади. Биринчи галда Наврўз ҳақидаги, адабий, тарихий манбалардаги маълумотларни бугунги кунимизга жонли ижро жараёнида яшаб келаётган материаллар билан қиёсий ўрганиш зарур бўлади. Наврўз билан боғлиқ анъаналарнинг асл моҳиятида қуёшга бўлган топинч ётса, қолаверса, Наврўз билан боғлиқ «Шох мойлар», «Қозон тўлди» каби маросимлар, «Оқ теракми кўк терак» ўйинлари, «Сумалак», «Лола», »Гул» сайиллари замирида ана шу қадим инонч излари ётади. Бундан ташқари юртимизда қуёш йўли билан боғлиқ кўплаб манзиллар мавжуд. Булар Лангар ота, Нур ота зиёратгоҳлари. Бундай зиёратгоҳлар кўп. Бу манзиллар қуёш йўли манзиллари билан боғлиқ маълумотларни дунёнинг турли нуқталарида шунга ўхшаш ёдгорликларга қиёсан ўрганиш масалалари олдимизда турибди.

Яна бир муҳим масалалардан бири Наврўзнинг халқимиз тарихида тутган ўрни, аҳамиятини очиб берадиган, бу байрамнинг миллийлигини урғулаб, умуминсонийлигини улуғлайдиган Наврўз Қомуси устида иш олиб бориш. Келгусида албатта бундай улкан ишлар амалга оширилади. Бугун қилинаётган ишлар, амаллар шу улкан ишларга пойдевор бўлиб хизмат қилади.

 
Суҳбатдош: Озода Бекмуродова

 

ЎзА