Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги йиғилишини комиссия раиси З.Низомхўжаев олиб борди.

Комиссия аъзолари дастлаб Сайлов участкаларида сайловчиларнинг муддатидан олдин овоз беришини ташкил этиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқишди.

Сайлов кодексининг 57-моддасига мувофиқ, сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга. Муддатидан олдин овоз бериш сайловга ўн кун қолганида бошланади ва сайловга уч кун қолганида тугалланади.

Сайлов кодексининг 561-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ва чет давлатларнинг ваколатли давлат ҳокимияти органлари билан келишувларга мувофиқ чет давлатларда, аҳоли зич жойлашган ҳудудларда муддатидан олдин овоз бериш сайловчининг турган жойида ўтказилиши мумкин.

– Сайловчиларнинг муддатидан олдин овоз беришини таъминлаш масъулиятли жараёнлардан биридир. Бу йилги сайловда, айниқса, коронавирус инфекцияси туфайли жаҳонда вужудга келган пандемия шароитини алоҳида ҳисобга олиш зарур. Карантиннинг қатъий талаблари туфайли шаҳар-қишлоқларимиз ўртасида, хорижий мамлакатлар билан борди-келди сўнгги пайтда бироз сусайганидан хабарингиз бор. Энди бу борадаги имкониятлар кенгая бошлади.

Бу фуқаролар миграциясига ҳам таъсир қилиши, турли сабабларга кўра сайлов куни айрим сайловчиларнинг ўзи яшайдиган сайлов участкаси ҳудудида бўла олмаслиги ҳам табиий. Шунингдек, муддатидан олдин овоз бериш имкониятларининг кенгайиши сайлов куни фуқароларнинг сайлов участкаларида овоз бериш олдидан тўпланиб ёки кутиб қолишини, уларнинг карантин талабларига риоя қилишини осонлаштиради, – деди З.Низомхўжаев.

Ўзбекистон Республикасининг чет давлатдаги дипломатик ва бошқа ваколатхонаси ҳузурида тузилган участка сайлов комиссияси сайловчиларнинг турган жойида овоз бериш вақти ҳамда жойи тўғрисида қарор қабул қилади ва бу ҳақда сайловчиларни, кузатувчиларни оммавий ахборот воситалари орқали хабардор этади.

Марказий сайлов комиссиясининг котиби Худоёр Маматовнинг қайд этишича, муддатидан олдин овоз бериш 2021 йил 14 октябрь куни бошланиб 2021 йил 20 октябрнинг якунига қадар ўтказилади. Сайлов участкасида муддатидан олдин овоз бериш вақти соат 9:00 дан соат 19:00 га қадар давом этади.

Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган сайлов участкаларида муддатидан олдин овоз бериш ушбу сайлов участкалари жойлашган ердаги маҳаллий вақт билан соат 9:00 дан соат 19:00га қадар амалга оширилади.

Комиссия аъзолари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчиларни аккредитация қилиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

Ташқи ишлар вазирлиги томонидан 65 нафар хорижий (халқаро) кузатувчини аккредитациядан ўтказиш бўйича МСКга тақдимномалар киритилди. Шу сабабли, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчиларни аккредитация қилиш тўғрисидаги МСК қарори лойиҳаси ишлаб чиқилган.

Унга мувофиқ, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демокартик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги Парламентлараро ассамблеяси, Халқаро Гаага конференцияси каби халқаро ташкилотлардан, шунингдек, Белгия, Греция, Франция, Италия, Нидерландия, Озарбайжон, Россия, Арманистон, Тожикистон, Украина каби давлатлардан жами 65 нафар халқаро кузатувчи рўйхатдан ўтказилди.

Шундай қилиб, шу кунга қадар аккредитациядан ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчилар умумий сони 224 нафарни ташкил этмоқда. Марказий сайлов комиссияси халқаро кузатувчиларга сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида ўз фаолиятини амалга ошириши учун мандатларни қонунда белгиланган муддатда тақдим этмоқда.

Мажлисда Оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш тўғрисидаги қарор лойиҳаси бир овоздан маъқулланди ҳамда жами 179 нафар маҳаллий ва хорижий ОАВ вакили аккредитациядан ўтказилди. Эндиликда аккредитациядан ўтказилган маҳаллий ОАВ вакиллари 1334 нафар, хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари эса 146 нафарни ташкил этмоқда.

Мажлис давомида Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Сирдарё ва Тошкент вилоятлари сайлов округлари раисларининг сайловга тайёргарлик кўриш бўйича ҳисоботлари тингланди.

 

Нурилло Насриев, ЎзА