Демократиянинг асосий тамойилларидан бири бу– сайлов эркинлиги эканлиги айни ҳақиқатдир. Ҳар бир фуқаро нафақат ўз ҳаёт йўлини мустақил ва эркин равишда танлай олиши билан бирга, жамиятнинг барча аъзолари қатори давлат ва жамият ҳаётининг энг муҳим масалаларини ҳал қилишда иштирок этиш имкониятига эга бўлиши замонавий давлатнинг қай даражада демократик кўринишда шаклланганлигини кўрсатади.
Зеро, сайловлар воситасида ҳокимиятнинг турли органлари шакллантирилади. Жумладан, Ўзбекистонда ҳам фуқаролар томонидан мамлакат Президенти, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари бевосита сайланади.
Жамиятда айнан сайлов жараёнлари орқали сиёсий кучлар шаклланади, танланган сиёсий йўлнинг жамоатчилик манфаатлари учун қанчалик мос келиши намоён бўлади, шу билан бирга сайлов жараёнлари фуқароларнинг сиёсий маданияти қай даражада юксалганлигини ҳам белгилаб беради.
Эркин ва адолатли сайловлар – демократик тизимнинг энг асосий моҳияти ва механизми бўлиб, халқ ҳокимиятчилиги, фуқароларнинг сиёсий бошқарув тизимида иштирок этиши принципини амалда таъминлаш усулларидан биридир.
Мамлакат Президентлигига бўлиб ўтаётган бу галги сайлов, албатта, бу биринчиси эмас, яъни авваллари ҳам бўлиб ўтган. Бироқ бу сайловга тайёргарлик кўриш, уни ўтказишни ташкил этиш жараёнларини кузатар эканмиз, унда янгича очиқлик, ошкоралик, демократия руҳининг намоён бўлаётганлигини яққол сезамиз.
Ташкилий нуқтаи назардан қараганда сайлов мураккаб ва кўп босқичли жараёндир. Бугунги кунда Ўзбекистонда Президент сайловига тайёргарлик кўришнинг айрим босқичлари якунланди ёки якунланиш арафасида. Бу эса сайлов кампаниясининг сифати ва салмоғи тўғрисида дастлабки хулосаларни чиқариш имкониятини беради.
Сайлов комиссиялари фаолиятининг очиқлиги, оммавий ахборот воситаларида сайлов жараёнлари қандай ўтаётганлиги кенг ва тушунарли даражада ёритиб борилаётганлиги, сайлов иштирокчиларига яратилаётган тенг имкониятлар – Янги Ўзбекистонда янгича муҳит шаклланганлигини кўрсатмоқда.
Хусусан, халқаро ҳамжамият Ўзбекистонда ташкил этилган Президент сайловининг қонунийлиги ва халқаро демократик андозаларга тўла мувофиқ эканлигини эътироф этмоқда. Мамлакатимизга кузатувчи сифатида сайловларда иштирок этиш учун ташриф буюрган ва келиши кутилаётган кузатувчилар сонининг кўплиги ҳам шундан далолат бермоқда.
Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси сайловларни кузатиш учун ўзининг кўп сонли миссиясини мамлакатимизга юборганлиги юқори сиёсий баҳога лойиқдир.
Бундан ташқари, бугунги кунда ШҲТ, МДҲ каби нуфузли халқаро ташкилотлар, турли парламент бирлашмалари сайловларда кузатувчи сифатида иштирок этиш истагини билдирди. Шу нуқтаи назардан олиб қараганда халқаро ҳамжамият томонидан кўрсатилаётган бундай эътиборни мамлакатимиздаги демократик жараёнларга ҳамда сайловга тайёргарлик ишларига берилган ижобий баҳо деб эътироф этиш ўринлидир.
Сайлов тизими бир нуқтада қотиб қолган, жонсиз жараён эмас. Сайлов тизими, таъбир жоиз бўлса, барқарор равишда такомиллашиб, ривожланиб борадиган “тирик организмдир”. Сўнгги йилларда Ўзбекистондаги янги сиёсий йўл туфайли сайлов тизими изчил такомиллаштириб борилганлиги натижасида барча демократик андозаларга жавоб берадиган замонавий миллий сайлов тизимига асос солинди. Ушбу сайлов тизимидаги улкан сиёсий салоҳиятнинг ишга солиниши обод ва фаровон, эркин жамиятни барпо этиш учун демократик механизмлардан янада тўлақонли фойдаланишга хизмат қилади.
Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда ўтказилаётган сайлов барчамиз учун жиддий имтиҳондир. Бу сайловлар фуқароларимизнинг ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни баҳолашдаги талабчанлиги ошиб бораётган бир вақтда ўтмоқда.
Шу сабабли ҳам бўлажак сайлов сиёсий етуклигимиз, демократия ва сайлов эркинлигига бўлган садоқатимиз синовидир. Ишончимиз комилки, мамлакатимиз, халқимиз бу имтиҳондан ҳам шараф билан ўтиб, Янги Ўзбекистонни барпо этиш, беқиёс Ватанимизнинг ҳар бир фуқаросига ғамхўрлик кўрсатиш, унинг муносиб яшашини таъминлаш борасида бошланган йўлда ишонч билан давом этади.
Нуриддинжон Исмоилов,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси Спикери