Бугунги видеоселектор йиғилишида қайд этилишича, ҳар бир шаҳар ва туман марказида камида 2 тадан яшил майдон ва жамоат парклари ташкил этилади.

Мисол учун, Қарши шаҳридаги 28 гектар майдонга эга Алишер Навоий номидаги истироҳат боғининг 11 гектари аттракционлардан тозаланиб, сокин ҳудудга айлантирилган. Ушбу ҳудудда китобхонлик, шеърият бурчаклари, 2 километр пиёда ва велойўлаклар ташкил этилган.

Лекин мамлакатимиздаги 300 га яқин истироҳат боғлари турли вазирлик ва идораларга қарашли бўлиб, уларнинг аксарияти қаровсиз.

Мисол учун, Андижон шаҳрида Маданият вазирлиги ва Ёшлар иттифоқига қарашли 3 та истироҳат боғи таъмирталаб аҳволда. Шу боис, барча истироҳат боғларидаги мавжуд дарахтлар тўлиқ хатловдан ўтказилиб, улар ривожлантирилади. Йил якунига қадар ушбу истироҳат боғларида аҳоли учун сокин ҳудудлар ташкил этилади.

Бунда мазкур боғларнинг камида 60-70 фоизи яшил ҳудуд бўлиши керак ва ушбу ҳудудларда бино-иншоотлар қурилишига рухсат берилмайди.

Шунингдек, Тошкент шаҳрининг ҳар бир туманида 1 тадан сайилгоҳ

(жами – 12 та), яшил майдон ва аллеялар (жами – 25 километр), кўп қаватли уйлар жойлашган маҳаллаларнинг ҳар бирида яшил майдонлар ташкил этилади.

Шу билан бирга, пойтахтимизда 60 километр канал бўйлари, 250 километр пиёдалар йўлаклари атрофига манзарали дарахтлар экилади.

Президент Тошкент шаҳар ҳокими Ж.Ортиқхўжаев, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раиси Н.Бакиров, инновацион ривожланиш вазири И.Абдураҳмоновга икки ҳафта муддатда илмий асосланган ҳолда пойтахтнинг қайси кўчасида қандай дарахт ва экинларни жойлаштириш бўйича тақдимот қилиш бўйича топшириқ берди.

Ушбу тизим барча вилоятларда жорий этилади.

 

ЎзА