“Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида Президент Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз тадбиркорлари билан очиқ мулоқоти давом этмоқда.
Эсппортёр корхоналарни қўллаб-қувватлаш, кичик бизнесни экспорт фаолиятига кенг жалб қилиш борасида бошлаган ислоҳотлар қатъий давом эттирилиши қайд этилди.
–Биринчидан, ўтган йили пандемия даврида тўқимачилик корхоналарига экспортдан валюта тушумини кутмасдан, қўшилган қиймат солиғини қайтариб бериш тартиби амалда ўз самарасини берди. Ўтган йили 482 та корхонага қарийб 2 триллион сўм қайтарилган. Бу янгилик ҳам янги тарихимизда биринчи маротаба бўлаяпти, – деди Президент. – Жорий йил 1 октябрдан ушбу тартиб барча тармоқларнинг ҳалол ва интизомли бошқа экспортёрларига нисбатан ҳам татбиқ этилади.
Иккинчидан, кўплаб экспорт қилувчи корхоналарнинг асосий муаммоларидан бири – айланма маблағ етишмаслигидир.
Бу масалани 300 дан зиёд тадбиркордан келиб тушган мурожаатларда ҳам кўриш мумкин.
Шунинг учун ўтган йили Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилиб, экспорт учун 1 миллион долларгача молиялаштириш механизмлари йўлга қўйилди.
Бу тизимдан 200 та корхона унумли фойдаланиб, қўшимча 210 миллион долларлик ўз маҳсулотларини четга экспорт қилди.
Учинчидан, кўплаб тадбиркорлар юқори сифат ва назорат тизимига эга мамлакатлардан (Европа Иттифоқи, АҚШ, Япония, Жанубий Корея каби) сертификатланган асбоб-ускуна ва хомашёларни олиб келганда миллий сертификат олиш талаби мавжудлигини эътироз сифатида қайд этишган.
Масалан, асбоб-ускуналар ва хомашёга сертификат олишда 2-3 миллион сўм харажат, 5-10 кун муддат талаб этилади.
–Шу боис Умурзоқов бошчилигидаги комиссия бир ой муддатда бундай давлатлар рўйхатини шакллантириб, уларда сертификат берилган асбоб-ускуна ва хомашёларга миллий сертификат олиш амалиётини бекор қилиш бўйича қарор лойиҳасини киритсин, – деди давлатимиз раҳбари.
Тўртинчидан, ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотлари рақобатбардошлигини ошириш ҳамда таннархни камайтириш мақсадида божхона божлари 2 бараварга пасайтирилган.
Шу билан бирга, “Милк евро фуд” (Тошкент вилояти), “Эс Ди Кэй” (Андижон), “Вулл текс интер” (Сурхондарё) каби корхоналар томонидан ҳозирги кунда олиб келинаётган хомашё импорти бож ставкалари тайёр маҳсулотга қараганда юқори экани қайд этилган. Яъни, баъзи турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқаришдан кўра четдан олиб келиш тадбиркорга арзонроқ бўлмоқда.
Шунинг учун Ҳукумат комиссиясига бир ой муддатда хомашё ва ярим тайёр маҳсулотлар учун импорт божи ставкаларини пасайтириш бўйича қарор лойиҳасини киритиш вазифаси топширилди.
Мулоқот давом этмоқда.
ЎзА