Президентимиз куни кеча “Мамлакатда ишбилармонлик муҳитини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиб келаётган тадбиркорларнинг бир гуруҳига миннатдорчилик билдириш тўғрисида”ги фармойишни имзолади. Ана шу тадбиркорлар сафида Сирдарё вилоятидаги “Wang da group” корхонаси раҳбари Гўзалхон Тожимирзаева ҳам бор.

Бугун эрталаб “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида бўлиб ўтган маросимда Гўзалхонга “Энг кўп иш жойлари яратган тадбиркор” номинацияси бўйича давлатимиз раҳбарининг миннатдорлик табрикномаси топширилди.

– Юксак эътирофдан жуда хурсандман. Президентимизнинг миннатдорлиги бизни бениҳоя руҳлантириб юборди, – дейди Гўзал Тожимирзаева. – Корхонамиз 2015 йилда ташкил этилган. Асосий мақсадимиз –фаолиятимизни ривожантириш. Албатта, бу ўз-ўзидан бўлмайди. Конвертация масаласи, инвесторларга шароит яратиш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар туфайли бугунги натижаларга эришдик. 24 ёшдаман. Ишим бўйича турли давлат ташкилотларига мурожаат қилсам ижобий жавоб олаяпман. Бу ҳам давлатимиз раҳбарининг эътибори туфайли.

Корхонамизда металл қайта ишланиб, қурилишда ишлатиладиган турли маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Фақатгина Сирдарё вилоятининг ўзида 600 нафардан зиёд, мамлакатимиз бўйича мингдан ортиқ кишининг бандлигини таъминлаганмиз. Жойларда 11 дан ортиқ турли йўналишларга ихтисослашган кўшма корхоналар ташкил этганмиз.

Корхонамиз ҳар йили 50 миллион доллар миқдоридаги импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқариб, маҳаллий бозорни таъминлаяпти. Масалан, олдинлари саморезлар импорт қилинган, ўзимизда тайёрланганлари ҳам у қадар сифатли эмасди. Корхонамиз мазкур муаммони ҳал қилган ҳолда, бу турдаги маҳсулотларни сифатли тайёрлашни бошладик.

Бундан кейин ҳам ишимизни кенгайтириш ва сифатли маҳсулотларимиз билан хорижий бозорларни эгаллаш асосий мақсадимиз бўлади.

 

Абдулазиз Мусав ёзиб олди, ЎзА