Бугунги видеоселектор йиғилишида етим болаларни оила муҳитида тарбиялаш мақсадида 5-10 ўринли Оилавий болалар уйларини ташкил этаётган юртдошларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш зарурлиги таъкидланди.

Шундай фидойи инсонлардан бири, Урганч туманида яшовчи Раҳимахон Дурдиева Оилавий болалар уйи ташкил этиб, 40 дан ортиқ боланинг ҳаётда ўз йўлини топишига кўмаклашиб келмоқда.

Давлатимиз раҳбари видеоселектор давомида Раҳимахон Дурдиеванинг меҳрга ташна болаларга кўрсатган ғамхўрлигини ибрат сифатида келтириб, унга миннатдорлик билдирди.

– Бу опадан хабарим бор, эшитиб жуда хурсанд бўлдим. Оилавий болалар уйини ўзи ташкил қилган. Мингдан-минг раҳмат, бу фидойи аёлга. Қирқта болага ота-оналик қилаётгани учун яна бир бор Раҳимахон опага ўз номимдан миннатдорлик билдирмоқчиман. Бу жуда катта қаҳрамонлик, – деди Шавкат Мирзиёев.

Йиғилишда Сенат Раиси Т.Норбоева бошчилигидаги мутасаддиларга бир ой муддатда Оилавий болалар уйларини янада қўллаб-қувватлаш бўйича чоралар пакетини назарда тутувчи қарор лойиҳасини тайёрлаш вазифаси топширилди.

 

ЎзА