Вилоятда истиқболли йўналиш – гулчиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор берилади.
Ҳисоб-китобларга кўра, 10 сотих ерга экилган орхидея гули 850 миллион сўмгача, лилия 450 миллион сўмгача, пион – 320 миллион сўмгача даромад олиш имконини беради.
Шунинг учун Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалиги агентлигига вилоятда 27 та маҳаллада 5 мингга яқин хонадонлар томорқасида гул етиштиришни йўлга қўйиб, камида 10 минг нафар аҳоли бандлигини таъминлаш вазифаси қўйилди.
Андижон, Избоскан, Олтинкўл туманларида кластер усулида гулчилик ривожлантирилади. Жумладан, Андижон туманидаги “Андижон гуллар боғи” корхонаси кластерга айлантирилиб, 30 гектарда гул ва манзарали кўчатлар етиштириладиган боғ барпо этилади.
Шаҳрихон туманида аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш марказида қошида Гулчилик мактаби ташкил этилиб, чет элдан малакали мутахассислар жалб этилади.
Шунингдек, вилоятда гулчилик соҳасидаги тажрибали тадбиркорларни жалб этиб, ҳар бири 2 сотихдан иборат 20 та иссиқхона қурган ҳолда, уларда ўқув амалиётларини йўлга қўйиш бўйича топшириқ берилди.
– Гулчилик даромад манбаи бўлиши билан бирга, хонадонимизни ҳам, кўнглимизни ҳам янада обод ва гўзал бўлишига хизмат қилади. Шунинг учун, бутун вилоятни гулзорга айлантириб, Андижон тажрибасини яратиш керак, – деди Президент.