Янги ўқув йилидан бошлаб барча олийгоҳларда плагиат ва илмий ғояларни ўзлаштиришни бартараф этадиган илғор ахборот дастурларини жорий қилинади.

Президент бу борада Олий ва ўрта махсус таълим ҳамда Ахборот-коммуникация технологиялари вазирликлари мутасаддиларига топшириқлар берди.

Шу билан бирга, илмий тадқиқотлар сифати ва натижадорлигини ошириш бўйича Олий аттестация комиссияси фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиш вазифаси қўйилди.

Яна бир муҳим масала – бирорта олийгоҳ нуфузли халқаро адабиётлар базасига уланмаган, улардаги адабиётларнинг электрон кўринишга келтириш даражаси эса 35 фоизга етмайди. Масалан, Андижон иқтисодиёт ва қурилиш институти, Наманган муҳандислик-қурилиш институтида – 17 фоиз, нуфузли ҳисобланган Тошкент кимё-технология институти ва Тошкент молия институтида – 18 фоиз адабиётлар электрон шаклда.

Шунинг учун, 1 августдан бошлаб олийгоҳларга ўзларининг кенгашлари тавсиясига кўра, хорижий давлатлардан ўқув ва илмий адабиётларни тўғридан-тўғри харид қилиш ваколати берилади.

Йиғилишда хориждан олиб келинадиган ўқув ва илмий адабиётларни божхона тўловларидан озод қилиш бўйича таклиф киритиш, йил якунигача 102 та олий таълим муассасалари кутубхона фондидаги 4 миллионга яқин адабиётларни тўлиқ электрон шаклга ўтказиш ва мутахассислик ўқув дарсликларини 2 бараварга кўпайтириш бўйича топшириқлар берилди.

Шунингдек, 1 сентябрга қадар барча олийгоҳлар кутубхоналари ягона тизимга уланиб, талабалар ва тадқиқотчилар учун туну кун фойдаланиш имконияти яратилади.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирига икки ой муддатда халқаро илмий-техник маълумотлар базаларига “миллий обуна” бўлиш ишларини якунлаб, барча олийгоҳларни тизимга улаш бўйича кўрсатмалар берилди.

 

ЎзА