Олий таълимдаги устувор вазифалар бўйича ўтказилаётган видеоселектор йиғилишида тизимда қатор янгиликлар жорий этилиши маълум қилинди.

Бундан буён ўқув режа ва адабиётлари, фан дастурларини жорий этиш, профессор-ўқитувчилар ўқув юкламасини, йўналишидан келиб чиқиб, таълим шаклларини (кундузги, кечки, сиртқи, масофавий) белгилашни олийгоҳ бошқарув кенгашининг ўзи ҳал қилади.

Энди ҳар бир кафедранинг фаолияти илмий салоҳият даражаси ва ёшларни селекция асосида илмий фаолиятга жалб этиш кўрсаткичларига қараб баҳоланади.

Бунинг учун, нуфузли хорижий нашрларда мунтазам мақолалар чиқариб келаётган, шунингдек, шогирдлари илмий ишларини ўз вақтида ва сифатли ҳимоя қилган илмий раҳбарларга 5 тагача докторант ва 3 тагача мустақил изланувчи олиш ҳуқуқи берилади (ҳозирги пайтда 3 тагача докторант ва мустақил изланувчи олиши мумкин).

Ўтган 3 йилда республика бўйича 30 минг нафар профессор-ўқитувчилардан бор-йўғи 2,3 минг нафари (7 фоиз) нуфузли хорижий журналларда мақола чиқарган.

Президентимиз энди ҳар бир кафедра ўз йўналишида камида 2 та чет эл олийгоҳи кафедралари билан ҳамкорликни йўлга қўйиши кераклигини таъкидлади.

Шунингдек, ҳар йили мавжуд 1,5 мингта кафедраларнинг 1 нафардан ёш олимларини хорижий нуфузли олийгоҳларга стажировкага юбориш йўлга қўйилади.

Стажировка харажатларининг ярми олийгоҳ томонидан, қолган ярми бюджетдан қоплаб берилади ва бунга жорий йилда бюджетдан 20 миллиард сўм маблағ ажратилади.

Ректорлар ҳар бир кафедра ҳузурида илмий-тадқиқот марказларини ташкил этиб, уларнинг ўзига даромад топиши учун барча шароитларни яратиб беради. Ушбу марказлар фаолиятини самарали бошлаши учун ўқув, лаборатория ва бошқа моддий-техника воситаларига камида 1 миллиард сўмдан маблағ ажратилади.

 

ЎзА