Давлатимиз раҳбари Сурхондарё вилояти фаоллари билан учрашувда ижтимоий инфратузилмани яхшилаш масаласига ҳам алоҳида тўхталди.

Қайд этилганидек, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари бўйича жорий йил вилоятда 483 та қишлоқ ва маҳаллада ободонлаштириш ишлари олиб борилаяпти. Бунинг учун 1,6 триллион сўм маблағ ажратилган. Вилоятда бу йил 3 минг 500 квартирали кўп қаватли уйлар қурилади.

Шунингдек, 1 минг 230 километр йўлларни таъмирлаш, 700 километр сув, 28 километр оқова сув тармоқларини реконструкция қилиш, 1 минг километр электр тармоғини тортиш ишларини 1 октябргача тугатиш белгиланди.

Президент Шавкат Мирзиёев Термиз шаҳар аҳолисини барқарор табиий газ билан таъминлаш мақсадида, қўшимча магистрал газ қувурларини қуриш учун махсус жамғармадан 70 миллиард сўм ажратилишини маълум қилди. Шунингдек, давлат раҳбари бу йил қишда Термизда газ масаласида муаммо қолмаслиги кераклигини, барча чоралар кўрилиши зарурлигини алоҳида таъкидлади.

Йиғилишда масъуллар томонидан газ масаласи бўйича ахборот берилди. Таъкидланганидек, ўтган йили айрим сабабларга кўра газ таъминотида узилишлар бўлган. Шу муаммони ечиш мақсадида катта Музробот-Душанбе газ қувуридан Термиз шаҳрига яна бир тармоқ тортиб, 54 минг хонадон яшайдиган ҳудудларнинг газ таъминоти барқарорлаштирилади. Бу чора-тадбирлар шу йил ноябрь ойига қадар амалга оширилади.

 

ЎзА