Бугунги видеоселектор йиғилишида қишлоқдаги ёшларга ажратилган ерларни ўзлаштириш, агротехник тадбирларни ўтказиш ва уларни ердан даромад олишга ўргатиш ҳокимлар, сектор ва кластер раҳбарлари зиммасига юклатилди.

Президентимиз ёшларни ердан даромадга киришгача бўлган даврда
“устоз – шогирд” тизимини жорий қилиб, фермер, кластер ҳамда сектор раҳбарлари ёшларга амалий ёрдам кўрсатиши зарурлигини таъкидлади.

Ушбу ишларни Бош вазир ўринбосари Ш.Ғаниев ва Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси А.Ҳаитов шахсан назоратга олади.

Айни пайтгача бу борада республика бўйича 21 та туманда 2 мингдан 4,5 минг нафаргача ёшларга деҳқончилик учун ер ажратилган.

Амударё ва Балиқчида – 4 минг нафардан зиёд, Мингбулоқ, Янгийўл, Шаҳрихонда – 3 мингдан, Дўстлик, Бекобод, Боғот туманларида – 2,5 мингдан ортиқ ёшга ер берилган. Бироқ, 20 та туманда бу кўрсаткич 300 нафарга ҳам етмайди.

Видеоселектор йиғилиши давом этмоқда.

ЎзА