Президент Шавкат Мирзиёев бугунги видеоселектор йиғилишида Сурхондарё, Андижон, Сирдарё, Жиззах вилоятлари ҳокимлари ёшлар масаласида берилган топшириқлар бўйича аниқ натижа ва ташаббуслар кўрсатмаётганини қайд этди.

Вилоят ҳокимларига ўн кун муддатда туман ва шаҳар кесимида ёшларни тадбиркорликка жалб қилиш ва бандлигини таъминлаш графикларини тасдиқлаб, янги-янги ташаббусларни амалга ошириш топшириғи берилди.

Бундан ташқари, жорий йил 1 июнга қадар ҳудудларда 77 та ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналарини ишга тушириш зарурлиги таъкидланди.

Таъкидлаш жоизки, ёшларнинг тадбиркорликка қизиқиши катта бўлгани билан улар керакли кўникмаларга эга эмас. Шу боис, ёшларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларни бизнесдаги “рисклар”га ўргатиш зарур.

Йиғилишда бу йўналишда айни пайтда 480 минг нафар ёшга тадбиркорлик кўникмаларини махсус онлайн дастур орқали бепул ўргатаётган тадбиркор Ҳасан Мамасаидов ўз тажрибасини сўзлаб берди.

ЎзА