Ўзбекистон Республикаси Президентининг қ а р о р и

Мамлакатимизда маънавий-маърифий ишлар самарадорлиги ва таъсирчанлигини ошириш, кўп миллатли халқимиз ўртасида ҳамжиҳатлик ва ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, миллий қадрият, анъана ва урф-одатларни кенг тарғиб қилиш, бадиий ижод ва китобхонлик маданиятини фаол қўллаб-қувватлаш мақсадида:

1. Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, “Ижод” жамоат фонди васийлик кенгашининг:

“Ижод” жамоат фонди тасарруфидаги Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси поликлиникаси, “Дўрмон” ижод уйидан фойдаланиш дирекцияси” унитар корхонаси ва “Оққум файз барака” шўъба корхонаси ҳамда уларга тегишли бўлган барча мол-мулк, бино ва иншоотларни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига ўтказиш;

“Ижод” жамоат фонди негизида Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузурида юридик шахс мақомисиз Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш мақсадли жамғармасини (кейинги ўринларда – Жамғарма) ташкил этиш ва иловага мувофиқ унинг васийлик кенгаши таркибини тасдиқлаш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

2. Жамғарма маблағлари қуйидаги тадбирларни молиялаштириш учун йўналтирилиши маълумот учун қабул қилинсин:

“Узлуксиз маънавий тарбия концепцияси” асосида мактабгача таълим, умумий ўрта таълим, ўрта махсус ва олий таълим босқичлари учун методик қўлланма, услубий тавсиялар, маънавий-ахлоқий тарбия назарияси ва методикасини бойитишга қаратилган илмий-амалий адабиётлар яратиш, уларни нашр этиш ва жойларга етказиш;

миллий меросимиз, буюк аждодларимизнинг жаҳон тамаддунига қўшган улкан ҳиссаларини дунё миқёсида кенг тарғиб қилишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш;

соҳага “Рақамли тарғибот” тизимини жорий қилиш мақсадида IT-парклар, инновацион марказлар ва фрилансерлар билан ҳамкорликда мобиль иловалар, компьютер ўйинлари, анимацион маҳсулотлар яратиш;

жойларда маънавий-маърифий муҳитни ўрганиш, ҳудудий маънавият ва маърифат кенгашлари фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашиш, тарғибот-ташвиқот ишларининг самарадорлигини ошириш мақсадида ташкил этилган экспертлар гуруҳларини қўллаб-қувватлаш;

маънавий-маърифий соҳани, адабиёт ва китобхонликни ҳар томонлама ривожлантириш, бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишга қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватлаш;

мамлакатимиз ва халқаро миқёсда илмий-маърифий тадбирлар, адабий анжуманлар, фестиваллар, танловлар, халқ сайиллари, адабий-мусиқий кечалар ўтказиш;

маънавий-маърифий, адабий-бадиий китоб ва плакатлар нашр этиш, замонавий тарғибот воситалари ва медиа маҳсулотлар яратиш;

Халқ таълими вазирлиги тизимидаги таълим муассасалари директорларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари ва ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилар учун қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этиш;

маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда олимлар ва мутахассисларни жалб этган ҳолда соҳада фаолият кўрсатаётган тарғиботчилар малакасини оширишга қаратилган семинар-тренинглар ташкил қилиш;

маънавий-маърифий ишларни ривожлантиришга қаратилган янги лойиҳалар, китоб, рисола ва мақолалар, тадбирлар сценарийларини яратиш бўйича ижтимоий буюртмаларни шакллантириш ҳамда бу ишларга жалб этилган олим ва мутахассисларни моддий рағбатлантириш;

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан тавсия этиладиган адибларнинг ижод намуналарини, жумладан, ёш муаллифларнинг биринчи китобларини нашр этиш;

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоларининг ижодий кечаларини ўтказиш, адабиётимиз ривожига муносиб ҳисса қўшган уюшма аъзоларига моддий ёрдам кўрсатиш;

халқимизнинг қадимий тарихи, бой маданияти, асрий анъана ва қадриятлари тараннум этилган, миллий маънавиятимизнинг мазмун-моҳияти теран бадиий ифодасини топган мумтоз ва замонавий адабиётимизнинг муносиб намуналарини хорижий тилларга таржима қилиш ҳамда жаҳон ахборот тармоғида кенг тарғиб этиш;

миллий адабиётни ривожлантириш, адабий жамоатчилик томонидан эътироф этилган ҳамда мамлакат ижтимоий ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлган бадиий асарлар муаллифларини моддий жиҳатдан рағбатлантириш;

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда унинг таниқли аъзолари ижодий фаолиятига бағишланган веб-сайтларни яратиш ва уларни янгилаб бориш;

Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва уларнинг тизимидаги ташкилотларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ходимларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш.

3. Қуйидагилар жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари этиб белгилансин:

Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан ажратиладиган маблағлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

халқаро молия институтлари ва бошқа хорижий донорларнинг грантлари ва имтиёзли кредитлари;

вақтинча бўш турган маблағларни тижорат банклари депозитларига жойлаштириш ҳисобидан олинган даромадлар;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

4. Молия вазирлиги Жамғармага:

2021 йилда 120 миллиард сўм, жумладан, Республика Маънавият ва маърифат марказига мамлакат миқёсида маънавий-маърифий ишларни самарали ташкил этиш учун 10 миллиард сўм, унинг ҳудудий бўлимларига жойларда маънавий-маърифий соҳаларни ривожлантириш учун 90 миллиард сўм, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун 20 миллиард сўм маблағ ажратсин;

2022 йилдан бошлаб Жамғарма васийлик кенгаши томонидан тасдиқланган харажатлар сметаси ва прогноз кўрсаткичларга мувофиқ маблағ ажратиб борилишини таъминласин.

5. Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш мақсадли жамғармаси васийлик кенгаши (А.Н.Арипов):

Жамғарма даромад ва харажатлари бўйича прогноз кўрсаткичларини ҳар йили тасдиқласин;

Жамғарма зиммасига юкланган вазифаларни амалга ошириш учун манфаатдор вазирлик ва идораларни жалб этсин;

Жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланиш бўйича тизимли назорат қилинишини таъминласин.

6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 26 февралдаги “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳузурида “Ижод” фондини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-1292-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

7. Республика Маънавият ва маърифат маркази Адлия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар ҳақида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

8. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси

       Президенти                                        Ш.МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент шаҳри,

2021 йил 26 март