Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида бугун, 24 март куни “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини жорий йилда амалга ошириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

Давлатимиз раҳбари ипотека кредити, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари энг долзарб масала бўлиб қолаётгани, Халқ қабулхоналарига келиб тушаётган мурожаатларнинг 70 фоизи айни масалалар бўйича эканини таъкидлади.

– 25 йил давомида қурилиш соҳасига эътибор қаратилмади, қурилиш индустрияси йўқ бўлиб кетди. Шу боис ушбу соҳа бўйича қатор қарорлар қабул қилдик, биринчи қадамларимизни баландпарвоз гап гапирмасдан, халқимизни рози қилишга қаратдик. Чунки Фарғона, Наманган ва Тошкент вилоятлари маҳаллаларидаги ҳақиқий ҳолат ҳам бунинг акси эканини кўрсатди. Шу боис, бугун йиғилишда иштирок этаётган раҳбарлар ҳақиқий аҳволни гапириши керак. Биринчидан, жорий йилда қишлоқ ва маҳаллаларда аҳоли шароитини яхшилашга жами 31,5 триллион сўм йўналтирамиз. Бундай маблағ Ўзбекистон тарихида ҳали берилмаган, – деди Шавкат Мирзиёев.

Президент йиғилишда иштирок этаётган сиёсий партиялар раҳбарлари ва жойлардаги маҳаллий кенгашлар раҳбарлари бу борадаги ишларни сайловчиларига етказиш кераклигини таъкидлади.

– Бир нарсани барча ҳудуд ва сектор раҳбарлари аниқ тушуниб олиши зарур. “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” деганда, нафақат йўл ёки маҳалланинг қиёфаси яхшиланиши, балки у ердаги аҳолининг даромади кўпайиши, ижтимоий соҳа объектлари тўлиқ ишлаши, бир сўз билан айтганда, танланган маҳалла ҳар томонлама обод бўлиши керак. Ҳақиқий обод маҳаллада “темир дафтар”, “аёллар” ва “ёшлар” дафтарлари бўлмаслиги лозим, – деди Президент.

 

ЎзА