Тўсатдан, шов-шувли тарзда «Пахтакор»ни тарк этган Шота Арвеладзедан кейин чемпион жамоага ким бош мураббийлик қилиши ҳақидаги турли миш-мишлар роса урчиди. Ниҳоят, бугун клуб матбуот хизмати янги мутахассис номини эълон қилди.

2017 йилдан буён жамоада ёрдамчи мураббий сифатида ишлаб келган голландиялик мутахассис Питер Хюистра энди «Пахтакор» бош мураббийига айланди. Питер футболчилик фаолиятида Шотландиянинг машҳур клубларидан бири «Глазго Рейнжерс» шарафини беш мавсум ҳимоя қилиб, беш марта чемпионликка эришгани билан машҳур. Шунингдек, у «Гронинген», «Вендам», «Твенте», «Санфречче Хиросима», «Лерс» ва «Розендал» каби клубларда ўйнаган. Нидерландия, Шотландия, Япония ва Бельгия чемпионатларида жами 413 беллашувда 78та гол уришга эришган. Голландия терма жамоаси таркибида 1988-91 йилларда 8 ўйинда майдонга тушган. Мураббийлик фаолиятини эса 2001 йил «Гронинген» ёшлар жамоасида бош мураббий сифатида бошлаган. 4 йиллик фаолиятидан сўнг «Витесс» ва «Аякс» клубларида ёрдамчи мураббий бўлиб ишлаган. Кейин «Аякс» ёшлар жамоаси, «Гронинген», «Де Граафсхап» клубларида ва Индонезия терма жамоасида бош мураббий сифатида фаолият олиб борган.

Пойтахтнинг бошқа бир жамоаси «Локомотив» эса португалиялик мураббий Микаэл Секейра билан келишувга эришди. Шу пайтгача Португалиянинг «Брага» клубида ёрдамчи мураббий сифатида ишлаб келган, 2011 йил УЕФА Про лицензиясини қўлга киритган Микаэл Секейра «темирйўлчилар» билан 2 йиллик битимга имзо чеккан. 47 ёшли мураббий 2006-2008 йилги мавсумларда «Брага» клубининг ёшлар жамоасини бош мураббий сифатида бошқарган. Шунингдек, 2010-2011 йилги мавсумда асосий жамоа бош менежери бўлиб фаолият юритган. 2018-2019 йилги мавсумда Саудия Арабистонининг «Ал Насср» клубида U-21 жамоаси бош мураббийи бўлиш билан бирга асосий таркибда Руи Виториага ёрдамчи мураббий сифатида иш олиб борган. Унинг эришган ютуқлар ҳақида шуни айтиш мумкин, Микаэл Секейра «Брага» бош менежери бўлиб ишлаган йил жамоа Европа Лигаси финалида ўйнаган. Осиёдаги фаолиятида эса «Ал Насср» билан Саудия Арабистони чемпионлигини қўлга киритган, қолаверса U-21 жамоаси билан ҳам мамлакат биринчилигида зафар қучган.

Муборакнинг «Машъал» клуби испаниялик Серхио Маринангели номзодида тўхталди.

Испаниялик мутахассис 2015-2017 йилларда Экваториал Гвинея терма жамоасида бош мураббий Эстебан Беккерга ёрдамчи бўлган ҳамда 2015 йилги Африка Миллатлар кубогида ярим финал босқичигача олиб бориб қитъанинг кучли тўрт жамоаси қаторидан жой олишида катта ҳисса қўшган.

Мариангели фаолияти давомида мураббий сифатида 2014-2015 йилларда Испания чемпионатининг биринчи лигаси вакили «Эскуела Футбол Алуче» жамоасида бош мураббий, 2016-2017 йилларда Мадрид ёшлар жамоаси «Юнион Депортива Трес Сантос» клубида, 2017 йилдан бугунги кунгача эса Мадрид лигасининг «Иглециас Ла Вид» клубида фаолият юритиб келган. 2019 йилда УЕФА Про лицензиясини қўлга киритган. «Реал Мадрид», «Атлетико Мадрид» клубларида малака оширган, шунингдек, АПЛ иштирокчиси «Лидс» клуби бош мураббийи Марсело Бьелса қўл остида амалиёт ўтаган.

Ойбек ЮНУСОВ, ЎзА