10 ноябрь куни Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Йиғилишда давлатимиз раҳбари шу йилнинг 2 октябрь куни Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгесининг навбатдан ташқари сессиясида ҳудуднинг ҳар бир шаҳар ва туманини ривожлантириш, аҳоли ҳаётини яхшилашга қаратилган вазифалар ижросига тўхталди.
Шу мақсадда янги тараққиёт дастурини ишлаб чиқиш учун 37 мингта хонадон ва тадбиркорлик субъектлари ўрганилиб, долзарб масалалар аниқланди ва ушбу таҳлиллар асосида Қорақалпоғистон Республикасини 2020-2023 йилларда комплекс ривожлантириш дастури ишлаб чиқилди. Дастурга мувофиқ, ҳудуднинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш мақсадида янги тадбиркорлик субъектларига ҳам қатор солиқ имтиёзлари берилиши тадбиркорлигини энди йўлга қўйган ҳамюртларимиз учун катта имконият бўлди.
Дастурга кўра, Қорақалпоғистон Республикасидаги 17 та туман ва шаҳарнинг ўзига хос «ўсиш нуқта»ларидан келиб чиқиб, 2020-2022 йилларда умумий қиймати 12 триллион 300 миллиард сўм бўлган 1 минг 359 та инвестиция лойиҳаси шакллантирилган ва 523 миллион долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ўзлаштириш, қарийб 20 мингта янги иш ўринлари яратиш мўлжалланган.
Ушбу саъй-ҳаракатлар ва белгиланган вазифалар, айниқса, бугунгидек пандемия шароитида ишсиз фуқаролар бандлигини таъминлаш, турмуш шароитларини яхшилаш, аҳоли ўртасида камбағалликни қисқартиришга катта асос бўлиб хизмат қилади.
Ушбу дастурда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражаси нисбатан паст бўлган Тахтакўпир, Бўзатов, Шуманай туманлари бўйича алоҳида чоралар назарда тутилгани эътиборга молик. Мазкур туманларда ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилмани яхшилаш учун 409 миллиард сўмлик 172 та лойиҳа амалга оширилиши белгиланган.
Шунингдек, Қорақалпоғистондаги шароити оғир 45 та маҳалла ва овулда умумий қиймати 2 триллион 340 миллиард сўм бўлган 150 та лойиҳа амалга оширилади. Лойиҳаларга бериладиган кредитларнинг фоиз харажатлари Марказий банк асосий фоиз ставкасининг 50 фоизи миқдорида Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш жамғармасидан компенсация қилинади. Бу ўз навбатида ҳудудда ишбилармонликнинг яхши йўлга қўйилиши ва янги иш ўринларининг яратилишига имкон беради
Қорақалпоғистон Республикасининг яқин 3 йилда ҳар томонлама ривожланишига хизмат қилувчи ушбу дастур доирасида Элликқалъа туманида аллақачон ишлар бошлаб юборилди. Туманда туризм ва узумчиликни ривожлантириш бўйича инвестициявий дастур асосида 96 лойиҳа амалга оширилади ва шу асосда 2 мингдан ортиқ иш ўрин яратилади.
Вақт – олий ҳакам. Ҳар бир дақиқани ғанимат билиб, вазифалар ижросига киришилса натижа албатта кўп куттирмайди. Таклиф ва ташаббуслар эса аниқ, вазифалар белгиланди. Мақсад эса битта – халқни бугунидан рози бўлиб яшашига кўмаклашиш ва эртанги кунига ишончини мустаҳкамлаш. Бу борада барча мутасадди раҳбарлардан яратилган шароитлардан оқилона фойдаланган ҳолда тинимсиз меҳнат, юқори ташкилотчилик ва фидойилик талаб қилинади. Албатта, дастур ижроси ушбу ҳудуддан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган депутатлар олдига ҳам катта масъулият юклайди.
Руслан ЖУМАМУРАТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзоси