Қирғиз Республикаси ташқи ишлар вазири Руслан Казакбаев 5 ноябрь куни амалий ташриф билан Тошкентга келди.

Ташриф дастурига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида икки давлат ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари Абдулазиз Комилов ва Руслан Казакбаевнинг учрашуви бўлиб ўтди.

Музокара чоғида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция, транспорт-коммуникация, сув хўжалиги ва маданий-гуманитар соҳаларда Ўзбекистон – Қирғизистон ҳамкорлигининг жорий ҳолати ва муносабатларни янада ривожлантириш истиқболи муҳокама қилинди.

Вазирлар кўп томонлама тузилмалар доирасидаги ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш, шунингдек, минтақавий ва халқаро кун тартибига доир қатор масалаларга алоҳида урғу берди. Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликнинг ижобий суръатини сақлаб қолишдан икки томон ҳам бирдек манфаатдор экани эътироф этилди.

Мулоқот давомида коронавирус тарқалишига қарши курашиш ва пандемиянинг Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги муносабатларга таъсирини имкон даражасида юмшатиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш тўғрисида ҳам фикр алмашилди.

ТИВ раҳбарлари икки томонлама тадбирларни давом эттириш, жумладан, Ўзбекистон – Қирғизистон Ҳукуматлараро комиссиясининг ва икки мамлакат чегара олди вилоятлари ҳокимлари, (ваколатли вакиллари) кенгашининг навбатдаги йиғилишларини ўтказиш муҳимлигини таъкидлади.

Олий ва юқори даражадаги илгари эришилган келишувларга содиқлик тасдиқланди. Ўзбекистон Республикаси ва Қирғиз Республикаси ўртасидаги стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш зарурлиги қайд этилди.

Учрашув якуни бўйича Қўшма баёнот қабул қилинди.

Қирғиз Республикаси ташқи ишлар вазири Руслан Казакбаев шу куни Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида ҳам учрашув ўтказди.

 

Ғайрат ХОННАЗАРОВ, ЎзА