Коронавирус пандемиясининг аҳоли турмуш даражасига салбий таъсирини юмшатиш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва кўмакка муҳтож оилаларни моддий қўллаб-қувватлашга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 июлдаги “Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6038-сон Фармонига мувофиқ кам таъминланган ва ҳимояга муҳтож одамларга кенг кўламли ижтимоий ёрдам кўрсатилди.
Халқимизнинг тарихий ва маънавий қадриятларини намоён этган «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракатини давом эттириш ҳамда моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларнинг болаларини қишки кийим-бош тўпламлари, мактаб формаси ва ўқув қуроллари билан таъминлаш мақсадида:
1. 2020 йилнинг сентябрь ойида аҳолининг қуйидаги қатламларига бир марталик моддий ёрдам кўрсатилсин:
моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларнинг рўйхатлари (“темир дафтар”)га киритилган оилаларнинг 16 ёшга тўлмаган болаларига;
боқувчисини йўқотганлик пенсияси ёки нафақасини олувчи оилаларнинг 16 ёшга тўлмаган болаларига;
ногиронлиги бўлган 16 ёшга тўлмаган болаларга.
2. Мазкур қарорнинг 1-бандида назарда тутилган бир марталик моддий ёрдам миқдори ҳар бир 16 ёшга тўлмаган бола учун 500 минг сўм этиб белгилансин.
3. Мактабгача таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Молия вазирлигининг республикадаги барча бошланғич, умумий ўрта таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларининг ходимларини марказлашган тартибда 2020 йил 1 октябрга қадар бепул гриппга қарши эмлаш ҳақидаги таклифи маъқуллансин.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳар бир таълим ва соғлиқни сақлаш муассасасига борган ҳолда ходимларни эмлаш ўтказишни ва тегишли соғлиқни сақлаш муассасаларини вакцина ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш чораларини кўрсин.
4. Вазирлар Маҳкамаси мазкур қарорда белгиланган бир марталик моддий ёрдам ва ходимларни эмлаш учун зарур маблағларни Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 июлдаги “Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6038-сон Фармонида назарда тутилган ҳамда бошқа қўшимча манбалар ҳисобидан ажратсин.
5. Мазкур қарорда назарда тутилган маблағларнинг ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларга мақсадли ва манзилли етказилиши юзасидан:
Молия вазирлиги ҳузуридаги Пенсия жамғармаси – боқувчисини йўқотган оилаларнинг вояга етмаган фарзандлари ҳамда ногиронлиги бўлган 16 ёшга тўлмаган болаларга моддий ёрдам пулларининг пенсияларни (нафақаларни) тўлаш учун белгиланган муддатда манзилли етказилишини ташкил этиш бўйича;
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) ҳокимлари, сектор раҳбарлари ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари – моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларнинг рўйхатларига (“темир дафтар”) киритилган оилаларнинг 16 ёшга тўлмаган фарзандлари сонидан келиб чиқиб, тўлов ведомостлари шакллантирилиши ҳамда туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари орқали уларга моддий ёрдам пулларининг ўз вақтида ва манзилли етказилишини ташкил этиш ва назорат қилиш бўйича;
Молия вазирлиги – зарур маблағлар Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан маҳаллий бюджетларига ўз вақтида ажратилиши бўйича;
Марказий банк тижорат банклари билан биргаликда – моддий ёрдам маблағларини тарқатиш учун нақд пул билан таъминлаш бўйича масъул этиб белгилансин.
6. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Ж.А.Қўчқоров, Б.А.Мусаев, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2020 йил 26 август