Петер СИЙЯРТО: Венгрия Ўзбекистон билан ўзаро алоқаларни тараққий эттиришга интилмоқда

 Эксклюзив интервью
 

Венгрия ташқи иқтисодий алоқалар ва ташқи ишлар вазири Петер Сийярто бошчилигидаги делегация мамлакатимизга бўлиб, Ўзбекистон – Венгрия муносабатларини қатор йўналишларда ривожлантириш бўйича икки томонлама учрашувлар ўтказди. 

Ташриф чоғида Петер Сийярто ЎзА мухбирига мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва истиқболлари хусусида қуйидагиларни гапириб берди:

– Сўзим аввалида мамнуният билан таъкидламоқчиманки, кейинги йилларда Ўзбекистон билан Венгрия ўртасидаги дўстона алоқалар жадал ривожланмоқда. Айниқса, пандемия шароитида ўзаро бирдамлигимиз янада мустаҳкамланди ва яққол намоён бўлди.

Зеро, мана шундай синовли вазиятда саноқли давлатлар қаторида Ўзбекистон ҳам Венгрияга беминнат ёрдам қўлини чўзди. Хусусан, ҳимоя воситаларини топиш мушкул бўлиб қолган кунларда Ўзбекистон Венгрияга мустаҳкам дўстлик, бирдамлик ва ҳамжиҳатлик белгиси сифатида 650 мингта тиббий ниқоб ва бошқа ҳимоя воситаларидан иборат инсонпарварлик ёрдамини жўнатди.

Ушбу ташрифимдан кўзланган асосий мақсадлардан бири давлатимиз ва халқимиз номидан оғир шароитда кўрсатилган эътибор учун Ўзбекистон халқига миннатдорлик билдиришдир.

Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан, Ўзбекистон билан ҳамкорликдан умидимиз катта. Мамлакатингиз бизга турли соҳалар бўйича жуда қулай имкониятларни таклиф этяпти. Бу Венгрия компанияларининг ўзаро ҳамкорлик ўрнатишга қизиқишини янада оширмоқда. Пандемия шароитига қарамай, тобора кенгайиб бораётган савдо-иқтисодий муносабатларимиз машинасозлик, атом энергетикаси, банк-молия ва фармацевтика каби муҳим йўналишларни қамраб олган.

Венгриянинг илғор фармацевтика компанияларидан бири Ўзбекистон бозорида 25 йилдан буён фаолият юритади. Атом энергетикаси соҳаси учун мутахассислар тайёрлаш ва малакасини ошириш борасида ҳам истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга тайёрмиз.

Жорий йилда ўзбекистонлик талабаларнинг Венгрия олий таълим муассасаларида таҳсил олиши учун квоталар сонини 100 тага етказдик. Ўқиш харажати тўлиқ Венгрия ҳукумати томонидан қопланади.

Қишлоқ хўжалигига ихтисослашган кўплаб корхоналаримиз Ўзбекистон билан изчил ҳамкорликни йўлга қўйган. Венгрия бугунги кунда юртингизга озиқ-овқат маҳсулотларини экспорт қилиш билан чекланмасдан, қишлоқ хўжалиги соҳасида фойдаланиладиган технологияларни ривожлантиришга ҳам салмоқли ҳисса қўшмоқда.

Венгрия Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишини қўллаб-қувватлайди. Бу ЖСТ, қолаверса, дунё иқтисодий ҳамжамияти учун бирдек фойдали. Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланишининг ҳам тарафдоримиз. Ушбу келишув Венгрия учун ҳам кўплаб манфаатли жиҳатлари борлиги билан аҳамиятли.

Ўзбекистоннинг пандемия шароитида иқтисодий барқарорликни сақлаш йўлидаги саъй-ҳаракатлари, хусусан, яратилаётган қўшимча иш ўринлари, тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар алоҳида эътиборга молик.

Бир сўз билан айтганда, Венгрия мамлакатингиз билан ўзаро алоқаларни янада тараққий эттиришдан манфаатдор. Қолаверса, биз Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасидаги ҳамкорлик ривожида кўприк вазифасини ўташни истаймиз.

Ғайрат ХОННАЗАРОВ ёзиб олди, ЎзА

 

ЎзА