Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев жорий йил 11 январь куни пойтахтимиздаги бунёдкорлик ишлари билан танишув чоғида Тошкент шаҳри музейини ташкил этиш бўйича тавсиялар берган эди. Адиблар хиёбони ёнидаги бино реконструкция қилиниб, мазкур музей шу ерга жойлаштирилди.
Буюк ипак йўлининг гавжум чорраҳасида жойлашган Тошкент асрлар давомида илм-фан, маданият ва маърифат марказларидан бўлиб келган. Ватанимизнинг олтин остонаси бўлмиш пойтахтимиз бугунги кунда янада ривожланиб, гўзал ва обод мегаполислардан бирига айланиб бормоқда. Лекин шундай катта шаҳар шу вақтга қадар ўзининг музейига эга эмас эди.
Тошкент шаҳри музейи 2200 йиллик тарихга эга бўлган ҳудуднинг қадим ўтмиши, урф-одат ва анъаналари, илм-фани, маданияти ва санъатини ўзида акс эттиради. Ҳозиргача бу ерда мингга яқин экспонатлар тўпланган. Музей фондини бойитиш изчил давом эттирилмоқда.
Биринчи қаватда “Тошкент – илм-фан маркази”, “Тошкент – бағрикенглик шаҳри”, “Амалий санъат. Кундалик ҳаёт ва маданият” деб номланган экспозициялар ташкил этилган. Иккинчи қаватда қадимий иш қуроллари, хўжалик буюмлари, қадамжоларнинг макетлари намойишга қўйилган.
Экспонатларга ўзбек, рус ва инглиз тилларидаги матнлар билан шарҳ берилади. Мониторлар, инфокиосклар ва бошқа технологиялар ёрдамида қўшимча маълумотлар тақдим этилади.
– Бу биринчи қадам, – деди Шавкат Мирзиёев. – Тошкентда илмий тадқиқотлар учун жуда катта манба бор. Лекин шу пайтгача яхлит ва тўлиқ ўрганилмаган. Энди 2200 йиллик тарихни даврма-давр ўрганиш, музейни ашёвий далиллар билан бойитиб, шаҳар цивилизациясини тўла юзага чиқариш керак.
Шу мақсадда илмий-тадқиқот институти ташкил қилиш, археологларга шароит яратиш, изланишлар натижаси бўйича китоблар чоп этиш зарурлиги таъкидланди. Маҳалла ва мактаб ёшларини бу ерга олиб келиш, бошқа шаҳарларда ҳам шундай музейлар ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Музей Адиблар хиёбони ёнида ташкил этилгани ҳам бежиз эмас. Ёзувчи ва шоирлар, тарихнавислар унинг фаолиятини жонлантириш, хорижликларга тарғиб этишга ҳисса қўшади.