​Ўзбекистон ва Буюк Британиянинг экспертлари узоқ истиқболдаги ҳамкорликни муҳокама қилишади

Ўзбекистонлик етакчи сиёсатшунослар, иқтисодиёт соҳаси экспертлари Кембриж ва Сент-Эндрюс университетларидаги ҳамкасблари билан бирга бир қатор илмий тадбирлар ўтказишни режалаштиришди.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори ўринбосари Санжар Валиев бошчилигидаги делегация Буюк Британияга ташриф буюради.

Ташриф давомида Ўзбекистон ташқи сиёсати йўналишларини янада ривожлантириш, мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий модернизация жараёнининг янги босқичи масалаларига бағишланган давра суҳбатлари, ишчи учрашувлар ўтказиш кўзда тутилган.

Экспертларимиз Британиянинг етакчи олий ўқув юртлари сирасига кирувчи Кембриж ва Сент-Эндрюс университетлари олимлари, талабалари билан сиёсатшунослик ва иқтисодиёт соҳаларига оид тадқиқотлар натижалари бўйича илмий тажриба алмашадилар.

Жаҳонга машҳур тузилмалар «Chatham House» ҳамда Мудофаа тадқиқотлари бўйича Қироллик институти (RUSI) таҳлилчилари, шунингдек Бирлашган Қироллик Ташқи ишлар вазирлиги масъул ходимлари билан қўшма учрашувлар ўтказилади.

Штаб-квартираси Лондонда жойлашган Европа тикланиш ва тараққиёт банки мутахассислари билан миллий иқтисодиётни янада либераллаштириш, Ўзбекистонда макроиқтисодий мувозанат ва барқарор ривожланишни таъминлаш омиллари муҳокама этилади. Бундан ташқари делегациямиз юртимизда кечаётган сиёсий ислоҳотлар, жамиятни демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари таъминоти жараёнига доир тақдимот ўтказиш мақсадида Буюк Британия Парламентига ҳам боришади.

Учрашувлар чоғида мамлакатимиз ташқи сиёсатидаги устувор йўналишлар, халқаро ва минтақавий интеграциялашув жараёнига нисбатан ёндашувларга алоҳида эътибор қаратиш кўзда тутилган.

Ўзбекистонлик экспертларнинг Буюк Британияда бўлажак учрашувлари икки мамлакат ўртасидаги кенг қамровли муносабатларни янада мустаҳкамлашга, ҳамкорликнинг турли йўналишлари бўйича қўшимча ғоя ва тавсиялар ишлаб чиқишга, биргаликдаги саъй-ҳаракатлар бўйича режа ва дастурларни яқин келажакда ва узоқ истиқболда амалий чора-тадбирлар билан бойитишга кўмаклашади.

 

ЎзА