Оқтўбе вилояти делегациясининг Оролбўйига ташрифи...

Қозоғистон Республикаси Оқтўбе вилояти ҳокими Ондасин Уразалин раҳбарлигидаги делегация икки кунлик ташриф билан Оролбўйига келди.
Меҳмонлар Нукус халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди.
Шу куннинг ўзида делегация аъзолари учун Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида қабул маросими ўтказилди. Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов меҳмонларни ташриф билан қутлаб, мамлакатларимиз ўртасидаги турли соҳалардаги ҳамкорлик йилдан йилга ривожланаётганини таъкидлади. Шу жумладан, қўшни Оқтўбе вилояти билан ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланаётир.
Ўз навбатида Оқтўбе вилояти ҳокими О.Уразалин самимий кутиб олганлиги учун миннатдорлик билдирди. Ташрифдан кўзланган асосий мақсад, Оролбўйининг иқтисодий, инвестиция ва туристик салоҳияти билан яқиндан танишиш, келгусидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришдан иборат.
12.jpg
Шу куннинг ўзида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси кичик мажлислар залида Оролбўйи ҳамда Оқтўбе вилояти расмий делегациясининг учрашуви бўлди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва Оқтўбе вилояти ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Меҳмонлар И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейида бўлди.
Делегация аъзоларининг Кегайли туманига ташрифи, қозоқ шоири Толеген Айбергеновнинг қабрига зиёрати режалаштирилган.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА