Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 25-26 октябрь кунлари Туркия Республикасига амалга оширган давлат ташрифи чоғида эришилган келишувга кўра, туркиялик бир гуруҳ журналистлар юртимизга келди.
28 ноябрь куни тонгда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясининг яқинда йўлга қўйилган “Самарқанд – Истанбул – Самарқанд” йўналиши бўйича Туркиядан келган меҳмонлар Самарқанд халқаро аэропортида карнай-сурнай садолари остида кутиб олинди.
Самарқанд вилояти ҳокимининг туризм масалалари бўйича ўринбосари М.Восеев ва Самарқанд шаҳар ҳокими Ф.Раҳимов меҳмонларни қутлаб, мамлакатларимиз ўртасида барча соҳалар қатори, туризм йўналишида ҳам ҳамкорлик алоқалари ривожланиб бораётганини қайд этди.
Туркиялик журналистлар Истанбулдан Самарқандга тўғридан-тўғри парвоз мамлакатларимиз фуқаролари учун кенг имкониятлар яратганини таъкидлаб, улар ҳам бу қулайликдан баҳраманд бўлганликларидан миннатдорлигини билдирди.
Саёҳат дастурига кўра меҳмонлар бугун Самарқанднинг тарихий обидалари билан танишади.
Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА