Қирғизистон Президенти Сооронбай Жээнбеков билан телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди

Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон Республикаси Президенти Сооронбай Жээнбеков телефон орқали мулоқот қилдилар.
Сооронбай Жээнбеков Қирғизистон халқи ва шахсан ўз номидан давлатимиз раҳбарини туғилган куни билан самимий қутлаб, мустаҳкам соғлик, фаровонлик ва муваффақият тилади.
Давлат раҳбарлари Ўзбекистон-Қирғизистон стратегик шериклик муносабатлари изчил мустаҳкамланиб бораётганини мамнуният билан қайд этдилар.
Турли даражалардаги алоқалар фаоллашгани, товар айирбошлаш ортаётгани, гуманитар алмашинувлар жадаллашгани алоҳида таъкидланди.
Мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш мақсадида биргаликдаги саъй-ҳаракатларни, жумладан, ҳукуматлараро комиссиялар доирасида давом эттиришга келишиб олинди.

 

ЎзА