Ҳар бир шахс адолатли меҳнат шароитларда ишлаш ҳуқуқига эга эканлиги конституциявий асосда мустаҳкамланган.
Ҳаво ҳарорати мўътадил вақтларда шарт-шароит ҳақида камроқ қайғурамиз. Аммо табиат инжиқликлари ўз кучини кўрсатганда, масалан, ҳаво ҳарорати меъёридан ортиқ исиб ёки совиб кетганида зарур шароитга эга бўлмаган меҳнаткашлар нима қилиши керак, деган савол ўйлантиради кишини. Чунки барча идора ва ташкилотларда ҳам ходимлар учун зарур шароит таъмиланган, дея олмаймиз.
Шу кунларда Ўзбекистонда ҳаво ҳароратининг меъёридан ортиқ исиб кетаётгани кузатилмоқда. Бундай шароитда ишчи ва ходимлар меҳнат ҳуқуқлари қандай таъминланган бўлиши керак?
Меҳнат қонунчилигига риоя этиш даражаси қандай?
Бу саволларга жавоб топиш мақсадида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Давлат меҳнат инспекциясига мурожаат қилдик.
Бизга маълум қилишларича, ходимлар билан иш берувчиларнинг меҳнатга оид муносабатлари шартнома асосида тартибга солинади, ижтимоий-иқтисодий манфаатларни мувофиқлаштириш учун жамоа шартномалари ва келишувлар тузилади.
Унда иш берувчи ва ходимларнинг ўзаро мажбуриятлари киритилади. Меҳнатга ҳақ тўлаш шакли, миқдори, қўшимча тўловлар,
иш вақти, таътилларининг муддатлари, меҳнат шароитлари ва меҳнат муҳофазасини яхшилаш, экология жиҳатидан хавфсизликни таъминлаш кабилар шулар жумласидандир.
Ходим учун иш вақтининг нормал муддати ҳафтасига қирқ соатдан ортиқ бўлиши мумкин эмас. Олти кунлик иш ҳафтасида ҳар кунги ишнинг муддати етти соатдан, беш кунлик иш ҳафтасида эса саккиз соатдан ортиб кетмаслиги лозим.
Меҳнат кодексига мувофиқ, табиий иқлим ва турмуш шароитлари ноқулай бўлган жойларда меҳнат ҳақига район коэффициентлари ва устамалар белгиланади. Район коэффициентлари ва устамалар жорий қилинадиган жойларнинг рўйхати, шунингдек, уларнинг қўлланиш тартиби ва миқдори Ўзбекистон Республикаси ҳукумати томонидан белгиланади.
“Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 23-моддасида иш берувчи ҳар бир иш ўрнида меҳнат шароитларининг меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига мувофиқ бўлишини таъминлаши белгиланган.
Давлат меҳнат инспекцияси томонидан меҳнат, бандлик ва меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича 2018 йил давомида 13 минг 264 корхонада 55 минг 282 қонун бузилиш ҳолати аниқланди.
Уларни бартараф этиш бўйича кўрилган таъсир чоралари натижасида 8 минг 914 нафар мансабдор шахсга нисбатан 4614,3 миллион сўм миқдорида маъмурий жарима қўлланилди.
Аниқланган қонун бузилишлардан 29 минг 202 таси меҳнатни муҳофаза қилиш қонунчилиги ва техника хавфсизлиги қоидаларига амал қилмаслик, 4 минг 292 таси иш ҳақини белгиланган муддатда тўлаб бермаслик, 1,5 мингдан ортиғи ноқонуний ишдан бўшатиш, 433 ҳолатда аёллар учун қўшимча имтиёз ва кафолатлар қўлланилмаслик, 291 ҳолатда мажбурий меҳнатга жалб этиш ва бошқа қонун бузилишлар аниқланган.
2018 йил давомида ишлаб чиқаришда юз берган 554 бахтсиз ҳодиса белгиланган тартибда махсус текширилди. Шундан 164 таси ўлим билан тугаган, 364 таси оқибати оғир ва 26 таси гуруҳий бахтсиз ҳодисаларни ташкил этди.
Юз берган бахтсиз ҳодисалар натижасида 183 нафар ходим ҳалок бўлган, 428 нафар ходим оғир тан жароҳати ва 47 нафари енгил тан жароҳати олган.
Ушбу бахтсиз ҳодисаларни махсус текшириш жараёнида 6 минг 543 камчилик юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган 553 ёзма кўрсатмалар берилди.
Қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйганлиги учун 525 нафар мансабдор шахсга нисбатан маъмурий жарималар қўлланилди. 483 ҳолатда инспекторларнинг тегишли хулосалари асосида айбдор шахслар жиноий жавобгарликка тортилган.
2018 йил давомида 2,6 мингдан ортиқ фуқаронинг 8 миллиард сўмдан ортиқ миқдордаги иш ҳақини ундириш учун фуқаролик ишлари бўйича судларга даъво аризалар киритилган ва қаноатлантирилган.
Фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг доимий тарзда фаолият олиб борувчи, ўзининг шахсини ошкор қилмасдан маълумот бериш имкони бўлган ишонч телефони ва @mehnathuquqbot тelegram тармоғи ташкил этилган. Ушбу тармоққа 2 мингдан зиёд мурожаат ва хабарлар келиб тушган.
Хўш, сизнинг меҳнат ҳуқуқингиз қай даражада таъминланган ёки меҳнат шароити сизни қониқтирадими?
Агар қониқтирмаса, меҳнат ҳуқуқингиз бузилгани бўйича Давлат меҳнат инспекцияси +99871-200-06-00, шунингдек, телеграмдаги @mehnathuquqbot боти орқали мурожаат қилинг.
Зеро, ҳар бир шахс меҳнат ҳуқуқи кафолатланиши, адолатли меҳнат шароитларида ишлашга ҳақли!
Норгул АБДУРАИМОВА, ЎзА