Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленуми мажлисида маъруза қилган Олий суд раиси Козимжон Комилов мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида қатъият билан амалга оширилаётган ислоҳотлар, аввало, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини амалда кафолатли ҳимоясини таъминлашга хизмат қилаётганини қайд этди.
Суд тизимига жорий этилган янгиликлар, жумладан, суд ишларини сайёр суд мажлисларида кўриб чиқиш амалиётининг кенгайтирилгани аҳоли билан очиқ мулоқот қилиш имконини бермоқда Бу суд ҳокимиятининг очиқ ва шаффофлигини таъминлаш билан бирга, судьяларни халққа яқинлаштирди. Бу, ўз навбатида, аҳолининг судларга ишончи ортишига ҳам замин яратмоқда.
Маърузачи қайд этганидек, суд амалиёти ва қонун ҳужжатларининг таҳлили, аҳоли билан очиқ мулоқот натижалари ишларни кўришда қонунийлик ва холисликни таъминлашга тўсқинлик қилувчи бир қатор бўшлиқлар мавжуд эканини кўрсатган.
2018 йил 13 июлда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилингани фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган чора-тадбирлар самарадорлигига салбий таъсир кўрсатаётган, оқибатда фуқароларнинг ҳақли норозилигига ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда судга бўлган ишончнинг пасайишига олиб келаётган омилларни бартараф этишда муҳим омил бўлди.
Мазкур фармон билан суд органлари фаолиятининг шаффофлигини янада ошириш, аҳоли билан очиқ мулоқотларни тубдан кенгайтириш ва одил судловни амалга оширишда жамоатчиликнинг ролини кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.
Ҳозирда судлар томонидан қабул қилинган суд ҳужжати ўқиб эшиттирилгач, суд процесси иштирокчиларига уни тушунтириш, жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларини судлар фаолияти тўғрисида хабардор қилиш мақсадида ҳар чоракда вилоят судлари раислари ва уларнинг ўринбосарлари томонидан брифинглар ўтказиш йўлга қўйилди.
Олий суд судлов ҳайъатлари томонидан суд ишларини назорат тартибида кўриб чиқиш амалиёти, вилоятлар ва уларга тенглаштирилган судлар томонидан эса, суд ишларини апелляция ва кассация тартибида кўриб чиқиш амалиёти шарҳлари ҳар чоракда эълон қилиб борилмоқда.
Бундан ташқари, суд органлари фаолиятининг шаффофлигини янада таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 1 декабридан бошлаб Олий суднинг расмий веб-сайтида суд қарорларини тизимли равишда эълон қилиб бориш амалиёти жорий этилади.
Норгул Абдураимова, ЎзА