Анъана, инновация, таклиф ва ғоялар

Пойтахтимиздаги «Ўзэкспомарказ» миллий кўргазмалар мажмуасида «UzTextile Expo – 2018» биринчи текстиль ва мода саноати ҳамда “Тўқимачилик ускуналари ва технологиялари – CAITME – 2018” ўн иккинчи Марказий Осиё халқаро кўргазмалари ўз ишини бошлади.

«Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси тизимидаги Тўқимачилик маҳсулотлари рекламаси ва маркетинги агентлиги ҳамда “Iteca Exhibitions” халқаро кўргазмалар компанияси ҳамкорлигида ташкил этилган кўргазмаларда юртимиз ва хорижлик тўқимачилик корхоналари вакиллари иштирок этмоқда.

Туркия Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Аҳмет Башар Шен, «ITE Group» компаниясининг ҳудудий директори Эдвард Строон ва бошқалар Ўзбекистонда тўқимачилик ва тикув-трикотаж соҳасини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор шу йўналишда фаолият кўрсатаётган хорижий компания ва фирмалар билан ҳамкорлик қилиш, тажриба ва амалиёт ўташ ҳамда тизимга энг янги технологияларни жалб қилишда муҳим ўрин эгаллашини таъкидлаб ўтди.

5 (4).jpg

Бугунги кунда мамлакатимизда 2017 йил бошида 293 та экспортчи корхона мавжуд бўлган бўлса, йил охирида уларнинг сони 350 тага етди. Хорижий давлатларда ташкил этилган 64 та савдо уйи фаолиятида юртимизнинг экспорт кўрсаткичлари сезиларли даражада ортган. Шу маънода, ташкил этилган «UzTextile Expo – 2018» биринчи текстиль ва мода саноати халқаро кўргазмаси ҳам ўзбекистонлик ишбилармонлар учун катта имкониятлар майдонидир. Тўқимачилик жиҳозлари, тикув-трикотаж маҳсулотлари, экологик тоза хомашёдан эркаклар, аёллар ва болалар кийимларини ишлаб чиқариш, хомашё етиштиришга ихтисослашган 70 га яқин етакчи, кичик ва ўрта бизнес вакиллари хорижлик ҳамкорларга ўз тажрибаларини намойиш этмоқда.

– Тўқимачилик соҳасида ишлаб чиқаришнинг барча босқичларини, яъни ип толаларидан тортиб тайёр маҳсулотгача бўлган жараённи ўз ичига қамраб олган мазкур нуфузли кўргазмалар иштирокчиларга манзур бўлмоқда, – деди «Наманган момиқ сочиқлари» масъулияти чекланган жамияти тижорат директори Абдувоҳид Бобомирзаев. – Чунки бу кўргазмалар ўзига хос тарзда ташкил этилган. Бундай тараддуд биз учун кенг имкониятлар эшигини очади. Фаолиятимизга тўхталадиган бўлсак, корхонада турли ўлчамдаги момиқ сочиқлар, катталар ва болалар учун халат ва чойшаблар ишлаб чиқарилиб, бу маҳсулотлар хорижий давлатларга экспорт қилинмоқда. Айни кунда соҳага қаратилаётган катта эътибор туфайли биз Фарғона вилоятида ҳам яна бир фабрикани ишга тушириш арафасидамиз.

33.jpg

“Тўқимачилик ускуналари ва технологиялари – CAITME – 2018” ўн иккинчи Марказий Осиё халқаро кўргазмаси тўқимачилик ускуналари бўйича МДҲ ҳудудидаги энг йирик кўргазма ҳисобланади. Бу йилги қатнашчиларнинг 15 фоизи маҳаллий, 85 фоизи хорижий компаниялар вакилларидир.

– Германия Иқтисодиёт ва энергетика федерал вазирлиги ҳамда Машинасозлик саноати уюшмаси кўмагида Германия миллий павильони кенгайтирилган экспозиция билан иштирок этмоқда, – деди Машинасозлик саноати уюшмасининг маркетинг ва кўргазмалар бўлими бошлиғи Борис Абаджиефф. – Айнан уюшмамиз томонидан 17 немис фирмаси вакиллари ўз имкониятини намойиш этиш, бугунги тўқимачилик саноати янгиликлари билан танишишга муваффақ бўлмоқда. Ўзбекистон – Германия ҳамкорлик алоқалари яхши йўлга қўйилгани боис 2009 йилда ташкил этилган кўргазмада ҳам қатнашганмиз. Бу галги тақдимотлардан яна катта натижалар кутмоқдамиз.

31.jpg

Кўргазмаларда йигирма тўртта давлатдан 475 компания ва фирма вакиллари иштирок этмоқда. Уларнинг 91 таси Туркия, 89 таси Хитой, 52 таси Германия, 32 таси Италия ва 26 таси Ҳиндистон давлатлари компания ва фирмаларидир.

Кўргазманинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Нодир Отажонов сўзга чиқди.

 

Насиба Зиёдуллаева, Фарҳод Абдурасулов (сурат) ЎзА