Ўзбекистон мудофаа вазири генерал-майор Абдусалом Азизовнинг “Мудофаа вазирлиги қўшинлари ҳарбий хизматчиларининг “мультикам” рангдаги дала формали кийимнинг янги турини кийишга босқичма-босқич ўтиш тўғрисида”ги буйруғига мувофиқ вазирлик қўшинларини янги турдаги формали кийими билан бутлаш ишлари амалга оширилмоқда.
– Президентимиз 2017 йил 28 августда Каттақўрғон умумқўшин полигонида ҳарбий хизматчилар билан учрашув вақтида ҳарбийларнинг кийим-кечаклари ва анжомларини ишлаб чиқаришда паст сифатли матолардан ҳамда эскирган технологиялардан фойдаланилаётганига алоҳида эътибор қаратиб, тегишли вазирлик ва идораларга 2018 йил давомида ҳарбий уст-бош кийимларини тикиш учун Ўзбекистон Республикасининг табиий иқлим шароитларига мос келадиган енгил ва пишиқ толалардан тўқилган махсус матоларни ишлаб чиқариш вазифаларини қўйган эди, – дейди вазирлик Кийим-кечак таъминоти бошқармаси бошлиғи майор Рустам Маҳмудов. – Шундан сўнг, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорликда вазирлик қўшинларига янги намунадаги кийим-кечакларни ишлаб чиқариш учун махсус матоларни жорий қилиш масалалари ишлаб чиқилди.
Мазкур соҳада илғор тажрибага эга бўлган Россия, Озарбайжон, Туркия, Покистон, Хитой, Германия, Италия каби ривожланган хорижий мамлакатларнинг ҳарбий кийим-кечаклари ўрганиб чиқилди. Унга асосан бир неча турдаги формали дала кийимларининг намуналари тайёрланиб, қўшинлар синовидан ўтказилди. Ҳарбий хизматчиларнинг билдирган таклиф ва фикр-мулоҳазалари ўрганилиб, “мультикам” рангли дала формали кийим-бош мамлакатимиз иқлим шароити ҳамда қўшинлар ниқобланиши учун энг маъқул деб топилди.
Шунингдек, жорий йилнинг 13 июнь куни давлатимиз раҳбарининг Фарғона вилоятига амалга оширган ташрифлари мобайнида янги намунадаги “мультикам” рангли дала формали кийим-бошга юқори баҳо берилган эди.
Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари “мультикам” рангдаги дала формали кийимнинг янги турини кийиши босқичма-босқич амалга оширилади. Ҳозирги вақтда Тошкент ҳарбий округи ҳудудида жойлашган барча ҳарбий қисм ва муассасалар ҳарбий хизматчилари янги турдаги дала кийим билан тўлиқ таъминланди.
Ҳарбий хизматчиларнинг формали уст-бош кийимларини янада такомиллаштириш устида амалий ишлар давом эттирилмоқда.
Муҳайё Тошқораева,ЎзА