Ўзбекистон адлия вазири Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар адлия вазирларининг олтинчи мажлисида иштирок этди

Ўзбекистон адлия вазири Русланбек Давлетов 24 август куни Қирғизистоннинг Чўпон-ота шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар адлия вазирларининг олтинчи мажлисида иштирок этди.
Мажлис Қирғизистон Республикаси адлия вазири вазифасини бажарувчи Максатбек Есеналиев раислигида бўлиб ўтди.
Мажлис ишида, шунингдек, Ҳиндистон Республикаси ҳуқуқ ва адлия вазири ўринбосари С.Чандра, Қозоғистон адлия вазири М.Бекетаев, Хитой Халқ Республикаси адлия вазири ўринбосари Юань Шухунг, Покистон Ислом Республикасининг Қозоғистондаги элчиси Имтияз Аҳмад Кази, Россия адлия вазири А. Коновалов ва Тожикистон адлия вазири Р.Шоҳмурод ҳам қатнашди.
Тадбирда кузатувчилар сифатида Афғонистон адлия вазири Абдул Басир Анвар, Беларусь адлия вазири О.Слижевский, Эрон адлия вазири С.Авайи, Мўғулистон адлия ва ички ишлар вазири Н.Цэнд қатнашди.
Мажлисда Р.Давлетов мамлакатимизда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ижроси доирасида амалга оширилаётган ва қонун устуворлигини таъминлаш, қонунийликни мустаҳкамлаш ҳамда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларга бағишланган маъруза билан чиқиш қилди.
Ўз маърузасида адлия вазири яқинда қабул қилинган Президент фармони асосида Ўзбекистон Адлия вазирлиги фаолияти тубдан ислоҳ қилинаётгани, унда давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда алоҳида ўрин берилгани ҳақида маълумот берди.
Хусусан, у адлия тарихида илк бор туман (шаҳар) бўлинмалари, Давлат хизматлари агентлиги ва унинг жойлардаги таркибий бўлинмалари ҳамда Адлия вазирлиги ҳузурида Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти ташкил этилганини қайд этди.
У нотариат, адвокатура ва ФҲДЁ органлари соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан нотариал ҳаракатларни “ягона дарча” тамойили асосида тасдиқлашни кўзда тутувчи фаол нотариатнинг янги модели, фуқаролик ҳолати далолатномаларини рақамлаштириш бўйича ишлар бошлаб юборилгани, жамиятда адвокатлар мавқеини ошириш, адвокатлик лицензиясини олмасдан туриб консалтинг хизматларини кўрсатиш имконияти пайдо бўлганини алоҳида таъкидлади.
Адлия вазирликларини халқаро хавфсизликнинг замонавий таҳдидларига қарши курашдаги роли ҳақида сўзлар экан, у инсонлар, хусусан, ёшлар онги учун курашни муҳим вазифа сифатида қайд этди ва фуқароларимизда экстремистик фаолият ғоясига қарши самарали иммунитетни шакллантириш, уларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш орқали барчани уларнинг асоратлари билан эмас, балки сабаблари билан курашишга урғу беришга чорлади.
Мажлис якунлари бўйича адлия вазирлари томонидан ШҲТнинг 2025 йилгача ривожланиш Стратегиясига мувофиқ адлия вазирликлари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришни кўзда тутувчи Қўшма баёнот имзоланди.

 

ЎзА