Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 10 июндаги “Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан 2025 йил 1 январдан жиноят ишлари бўйича судларда тергов судьялари иш бошлайди.

Бу борада тергов судьялари нималарни билишлари зарур? Тошкент шаҳар судида Олий суд, Судьялар олий кенгаши ва Судьялар олий мактаби томонидан ўтказилган семинарда шу ҳақда гап борди.

Судьялар, прокуратура, ички ишлар органларининг терговчи ва суриштирувчилари, пойтахт божхона, солиқ бошқармалари маъмурий амалиёт ходимлари, адвокатлар ва бошқа дахлдор ташкилотлар вакиллари иштирок этган семинарда Олий суд, Судьялар олий кенгаши судьялари томонидан тергов судьяси институти жорий этилиши доирасида амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Хусусан, Олий суд томонидан фармон ижросини самарали ташкил қилиш бўйича илғор хорижий мамлакатлар тажрибаси ўрганилган. Тергов судьяси лавозими жорий этиладиган жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларига тегишли штатлар ажратилиб, тергов судьялари тайинланган.

Тадбирда тергов судьяларининг вазифалари ва асосий йўналишлари ҳақида батафсил тушунтириш берилди. Асосий мақсад судлар фаолияти самарадорлигини ошириш, ишни судга қадар юритишда тарафларнинг тенглиги ва тортишуви принципини амалда таъминлаш, шунингдек, тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари самарали ҳимоя қилинишига эришишдан иборат экани таъкидланди.

Фикр-мулоҳазалар ҳамда савол-жавобларга бой тарзда ўтган очиқ мулоқотда иштирокчилар тергов судьялари фаолияти билан боғлиқ саволларга батафсил жавоб олди.

Н.Абдураимова,  

ЎзА