Россия Федерацияси етакчиси Владимир Путин ва Америка Қўшма Штатларининг сайланган Президенти Дональд Трамп ўртасидаги алоқалар аввал анча яхши эди. Кўпинча уларнинг фикри, деярли, бир жойдан чиқарди. Америкада ўтган бу йилги сайловдан кейин вазият бироз ўзгаргандек.

Россия раҳбари пайшанба куни ўтказган матбуот анжуманида Москва Суриядаги миссиясини тугатгани, Украинадаги урушда ғалаба қозонаётганини таъкидлади. Шунингдек, Вашингтонда кутилаётган кескин ўзгаришларга ишора ўлароқ бош ирғаб, Трамп билан тўрт йилдан бери гаплашмагани, шунга қарамай, янги маъмурият иштирокида Киев билан можарони ўзаро келишув ёрдамида тугатиш учун музокарага “тайёр”лигини маълум қилди.

– Трамп билан учрашганда қандай таклиф билдиришим мумкинлигини сўрадингиз, – деди у NBC мухбири Кей Симмонснинг саволига жавобан. – Биринчидан, қачон юзма-юз гаплашишимизни билмайман, чунки бу ҳақда АҚШ томони ҳеч нарса демаган. Мен ҳар қандай вазиятда суҳбатга тайёрман. Агар Трамп хоҳласа, учрашувга розиман.

Мусулмон Зиё, ЎзА