“Ҳадсиз дарёлар” халқаро уюшмаси Тожикистондаги Роғун ГЭС қурилишини якунлаш бўйича муқобил вариантлар таҳлили жамланган ҳисобот тақдим этди, деб ёзган “Казинформ” агентлиги.
Экологлар Роғун тўғони баландлигини 335 метрдан 265 метрга туширишни таклиф қилмоқда. Натижада кўчирилганларни 40 000 дан 13 000 кишигача камайтириш имкони пайдо бўлади, атроф-муҳит учун хавф, жумладан “Йўлбарс нури” қўриқхонаси ва Вахш дарёси ҳавзасидаги ноёб балиқ турларига таҳдид камаяди.
Ҳужжат муаллифлари томонидан иқтисод қилинган маблағни қуёш энергияси ривожига йўналтириш таклифи билдирилган. Таҳлилга кўра, 2030 йилга келиб кичикроқ гидроэлектр тўғони билан бирга мамлакатдаги қишки электр энергияси тақчиллигини тўлиқ бартараф этиш мумкин.
Мутахассислар фикрича, бундай ёндашув Тожикистон энергетика тизимини иқлим ўзгаришига чидамли қилади, бир хил энергия манбасига қарамликни камайтиради.
Ҳисобот Жаҳон банки директорлар кенгашига тақдим этилиб, инглиз ва рус тилларида тарқатилди.
“Ховар” агентлиги маълумотига кўра, ЖБ гуруҳи кенгаши 17 декабрь куни бўлиб ўтган йиғилишида Роғун ГЭС қурилиши биринчи босқичини молиялаштириш учун 350 миллион доллар грант ажратиш қарорини маъқуллаган.
Эслатиб ўтамиз, ЖБ Қирғизистонга мамлакатнинг энг йирик энергетика иншооти бўлмиш “Қамбарота ГЭС-1” лойиҳаси учун 13,6 миллион доллар ажратган. Евроосиё тараққиёт банки башоратига кўра, 2029 йилга бориб Марказий Осиёда сурункали сув танқислиги ва электр энергиясига талаб ортиб боради.
Бундан ташқари Қозоғистонда ҳам 3 вилоятнинг гидроэнергетика салоҳияти ўрганилмоқда. Шунингдек, Россия билан бирга Иртишда ГЭС қуриш масаласи муҳокама қилиняпти.
М.Пирматова, ЎзА